Apple'нинг ижобий молиявий натижалари туфайли сўнгги чоракда компания акциялари 18 ой максимумига етди, унинг капитализацияси эса бир кунда 40 миллиард долларга кўтарилди. InsiderPro шу ҳақида хабар берди

Чоршанба куни Америка бозорининг ёпилишига қадар Apple акциялари 6 фоизга ошиб, 128,79 долларга қимматлашди - бу 2015 йилнинг 21 июлидан буён максимум кўрсаткич ҳисобланади. Компания капитализацияси 676 миллиард долларни ташкил қилди. 

Компания қийматининг атиги бир кунлик ўсиши Tesla'нинг бутун  капитализациясига тенг (у чоршанба куни бозор ёпилишига қадар 40,36 миллиард долларни ташкил қилган).

Акциялар сешанба куни кечқурун компаниянинг молиявий натижалари ҳақида эълон қилингандан сўнг кўтарилиб кетди. Apple компаниясининг 2017 молиявий йил I чораги бўйича даромади 3,3 фоизга ўсган ва прогнозлардан ошиб, 78,35 миллиардни ташкил қилган. Акция даромади 3,36 долларни ташкил қилди, бу таҳлилчилар прогнозидан 0,14 долларга кўп. Бир неча чоракдан буён биринчи марта iPhone сотувлари ҳам ошди. 

Компания раҳбари Тим Кукнинг таъкидлашича, iPhone ва  Apple Watch'нинг чорак сотувлари тарихий максимумга етган. MacBook сотувлари ҳам муваффақиятли кечган, талаб камайган ягона маҳсулот - iPad бўлиб қолмоқда. 

UBS таҳлилчиси Стивен Милунович янги моделга ўтиши мумкин бўлган харидорлар сони ошди деб ҳисоблайди ва бу унинг iPhone 8 хит бўлиши борасидаги ишончини янада мустаҳкамлайди.