Супероғир вазндаги россиялик боксчи Александр Поветкиннинг остаринга топширган «Б» допинг намунаси ижобий натижа берди. Бу ҳақда Forward Legal компанияси вакили, спортчининг манфаатларини ҳимоя қилувчи Алексей Карпенко маълум қилган.

«Проба «Б» натижаси маълум. Унинг қонида остарин бўлган», — дея Карпенконинг сўзларини келтирган ТАСС.

Допинг тест Лос-Анжелесдаги лабароторияда ўтказилган.

17 декабрь куни Поветкиннинг канадалик Бермейн Стивернга қарши жанги олдидан топширган допинг намунасида тақиқланган модда аниқлангани ҳақида маълум қилинганди. Тест натижасига кўра, россиялик боксчининг намунасида SARM гуруҳига кирувчи Остарин моддаси аниқланганди.

Ушбу модда спортчилар томонидан машғулотларда қабул қилинади. Натижада, Бермейн Стиверн ўрнига рингга франциялик Йоанн Дюопа кўтарилди. Поветкин уни 6-раундда нокаутга учратди.

Мазкур ҳолатдан сўнг Поветкин жамоаси «B» пробанинг очилишини талаб қилди. Унга кўра, россиялик боксчининг намунасида Остарин моддаси 1 миллилитрга 10 пикограммни ташкил қилди. Бундай миқдордаги модда спорт озуқаси ёки умумий овқат орқали организмга кириши мумкин ва дисквалификация учун етарли ҳисобланмайди.