Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) дронлардан тижорий мақсадда фойдаланадиган дрон операторларига мамлакатнинг Фуқаролик авиацияси бошқармаси (GCAA) қарорига мувофиқ, ҳар йили 50 минг дирҳам (13,62 минг доллар) миқдорида солиқ тўлашларига тўғри келади.

Дронлардан нотижорат мақсадида фойдаланганлик учун ҳар 90 кунда 273 доллар тўлаш шарти билан ҳар йили умумий ҳисобда 1107 минг доллар олинади. Шунингдек, дронлардан фойдаланишга ўргатувчи ташкилотларга ҳам ҳақ ўрнатилди, улар 5 йилга 13,62 минг доллар тўлашлари керак бўлади.

GCAA Arabian Business нашрига берган баёнотида БААда дронлардан фойдаланиш учта турли қоида билан тартибга солинишини маълум қилган. Уларга кўра, дронлар кўнгилочар, тажрибавий (илмий-тадқиқот мақсадлари учун) ва корпоратив (тижорат/нотижорат мақсадлари учун) турларга бўлинади. 

"Дронлардан тижорат мақсадида фойдаланиш ердаги одамлар, ҳаво ҳудудидан фойдаланувчи бошқалар хавфсизлигига юқорироқ хавф солади, шу сабабли оқибатларни юмшатиш бўйича сертификатлаштириш, хавфсизликка амал қилиш, ҳаво ҳудудига баҳо бериш, раҳбарият ва ходимлар малакасини баҳолаш каби қўшимча чоралар ва баҳолашлар талаб қилинади", дейилган ташкилот берган баёнотда.

Агар дронлар оператори GCAA меъёрларига тўғри келса, бошқарманинг рухсати операторга мамлакатнинг исталган жойида исталган вақтда ҳеч қандай қўшимча тўловлар ва талабларсиз ишлашига имкон беради.

Бошқарма жисмоний шахсларга дронлардан кўнгилочар мақсадда фойдаланганлик учун бирор йиғимлар киритилиши борасида изоҳ бермаган. Бироқ дрон билан ишламоқчи бўлган исталган шахс онлайн тартибда ўзи ва дрон ҳақида маълумотлар тақдим қилган ҳолда ариза бериши керак. Айни вақтда бундай аризани бериш бепулдир.

GCAA сайтидаги маълумотларга кўра, оғирлиги 5 кг гача бўлган дронларга яшил парвоз ҳудуди доирасида ҳаракатланишга рухсат берилган; парвозда бўлган қурилмалар ёрдамида видеога ёки суратга олиш тақиқланади; дронлар куннинг ёруғ пайтида ва яхши об-ҳаво шароитида уча олиши мумкин; бирорта дрон аэропортлар, вертодромлар, вертолёт майдончалари, аэродромлар ёки БАА томонидан назорат қилинувчи ҳудудларга 5 км дан яқинроқ масофага яқинлашмаслиги керак.

GCAA шунингдек агар дрон қайта сотиладиган бўлса, бу ҳақда мутассади идорани хабардор қилиш мажбуриятини юклайди.