Туркия дунё туризмининг энг етакчи уч давлатидан бири бўлишга ҳаракат қилмоқда, деди мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакат туризм соҳаси вакиллари билан учрашувда.

Унинг сўзларига кўра, туризм маданияти аста-секин Туркиянинг барча ҳудудларини қамраб бормоқда. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Туркияга келадиган туристлар сонини 8 млн кишига кўпайтириш вазифасини қўйган.

«Мамлакатда туризм маданияти ривожланмоқда. Фуқаролар туризм соҳасида фаоллик кўрсатмоқда, бу эса одамни хурсанд қилади. Буларнинг бари Туркия туризми келажагига катта умид беради. Бу салоҳиятдан фойдаланишнинг ягона йўли – янги стратегиялар, услублар ва кампанияларни ривожлантириш», - дея таъкидлаб ўтди президент.

Президент, шунингдек, Туркияга туристларни жалб қилиш бўйича янги кампания бошланиши ҳақида маълум қилди. «Унинг асосий элементларига хорижда яшовчи Туркия фуқаролари айланади», - дея таъкидлаб ўтди Эрдўған.

Давлат раҳбари хориждаги ҳамюртларини муҳим тадбирлар, хусусан, тўйларни ўз она ватанларида ўтказишга чақирди.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, Туркияга келган туристлар сони сўнгги 14 йилда йилига 12-13 миллиондан 40 миллион кишига ўсди, туризм даромадлари эса – 12,5 миллиарддан 31,5 миллиард долларга қадар ошди.

Президент, шунингдек, Туркия транспорт инфратузилмаси ривожига фаол инвестициялар масаласига эътибор қаратди. Мамлакатда 55та аэропорт фаолият юритади, Истанбулда эса яқин орада учинчи аэропорт ҳам қуриб битказилади.

Эрдўған Туркия ҳукумати туризмнинг турли, жумладан, соғломлаштириш, термал, спорт, диний йўналишларни ривожлантириш учун барча имкониятдан фойдаланаётганини таъкидлаб ўтди. 

Президент Туркия сўнгги йилларда дуч келаётган муаммолар манбаси мамлакат ташқарисида эканини таъкидлаб ўтди. «Глобал иқтисодий инқирознинг салбий оқибатлари, хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар, гуманитар ва сиёсий инқирозлар – Туркияга таъсир кўрсатаётган омиллардир», - деди Эрдўған.

Унинг сўзларига кўра, Туркия инқироздан миллий иқтисодиёт фойдаси учун фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

«Биз қисқа муддат давомида туризмдан келадиган даромад 50 миллиард долларга етиши учун барча ишни қилаяпмиз, 2023 йилга қадар эса бу кўрсаткични – 86 миллиард долларгача етказмоқчимиз», - дея таъкидлаб ўтди Эрдўған.