Автомобиллар хавфсизлиги бўйича синовлар ўтказиш билан шуғулланувчи Euro NCAP ташкилоти 21 йиллик фаолиятини таҳлил қилди. Ташкилот маълумотларига кўра, йигирма йиллардан бери ўтказиб келинаётган краш-тестлар 78 мингдан ортиқ инсон умрини сақлаб қолишга имкон берган. Бу ҳақда EuroNCAP расмий сайтида хабар қилинган.

Экспертларнинг ҳисоб-китобларига биноан, 1997 йилдан буён 1800 автомобиль хавфсизлиги текширилган ҳамда 630та рейтинг тузилган. Буларнинг барига яроқсиз ҳолга келган автомобилларни ҳисобламаганда 160 миллион евро сарфланган. 

Euro NCAP ўзининг илк синовларини 1997 йилда ўтказган. Унда Ford Fiesta, Volkswagen Polo, Fiat Punto, Nissan Micra, Vauxhall Corsa, Renault Clio ва Rover 100 каби автомобиллар текширилган. 

Ташкилотнинг энг юқори хавфсизлик баҳосига биринчи бўлиб Volvo S40 седани эришган. 

Шу билан бирга, Euro NCAP ўтказган энг охирги синовлар Volvo S90 седани ва V90 универсали ҳамда Ford Mustang купеси билан ўтказилган. Швеция автомобиллари хавфсизлик борасида энг юқори баллга эга бўлган, Америка машинасининг бу борадаги имкониятлари икки баллга баҳоланган.