Американинг Facebook, Microsoft, Google, Apple ва Amazon сингари йирик IT-компаниялари Трампнинг иммиграция масаласидаги фармонидан ташвишланиб, давлат раҳбарига очиқ хат йўллашни ният қилишди. Бу ҳақда вазият билан таниш манбага асосланиб, Bloomberg хабар бермоқда.

IT-компанияларига, шунингдек, молия, ишлаб чиқариш, энергетика ва савдо соҳасида фаолият олиб борувчи бошқа компаниялар ҳам қўшилишни режалаштирган. Иштирокчиларнинг аниқ рўйхати ҳозирча тақдим этилмаган. Аммо айрим маълумотларга кўра, рўйхат мана шу ҳафтада эълон қилинади.

— Биз сизнинг мамлакат миграция тизимини хавфсизликнинг замонавий талаблари асосида тузиш борасида қилаётган хатти-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлаймиз. Аммо ташвишланаётганимизнинг боиси шундаки, сизнинг яқинда эълон қилган фармонингиз Қўшма Штатлар тараққиёти учун хизмат қилаётганларнинг ташрифига ва мамлакат тараққиётига салбий таъсир кўрсатади, — дейилади Bloomberg томонидан эълон қилинган мазкур хатнинг бир қисмида.