Германия ташқи ишлар вазирлиги собиқ раҳбари Франк-Вальтер Штайнмайер Германия президенти этиб биринчи турдаёқ сайланиши мумкин. Собиқ вазир номзодини илгари сураётган ҳукмрон коалиция Федерал йиғилишда кўпчилик овозга эга.

Мамлакат амалдаги президенти Йоахим Гаук ўтган йилнинг июнида ўз номзодини кейинги президентлик муддатига қўймаслигини маълум қилганди, у бу қарорни ёши билан боғлаган. Гаук 1940 йилда туғилган бўлиб, катта эҳтимол билан лавозимида қолиши мумкин эди. Сиёсатчи 17-мартга қадар президент бўлиб қолади.

Эндиликда Штайнмайер президент лавозими учун асосий номзод бўлиб турибди. 12 февраль куни бўлиб ўтадиган Федерал йиғилиш 1 минг 260 кишидан иборат. Сайланиш учун эса камида 631 овоз керак бўлади.

Бундестаг статистикасига кўра, айни дамда канцлер Ангела Меркелнинг НДИ/НСИ партия иттифоқи Федерал йиғилишда 539, Германия социал-демократик партияси эса 384 киши овозига умид қилиши мумкин. Шу тариқа, Штайнмайер номзодини биргаликда қўяётган "насроний демократлар" ва социал-демократлар кўпчиликка эга бўлади.

"Яшиллар" йиғилишда 147, "Сўллар" — 95 делегатга эга. Шунингдек, Федерал йиғилишда бундестагда бўлмаган Эркин демократик партиянинг 36, парламентда бўлмаган "Германия учун муқобиллар" 35, "Қароқчилар" 11 ва Бавариядан бўлган "Озод сайловчилар"нинг 10 нафар вакили иштирок этади.