Савдо номлари бўйича тадқиқотлар ўтказувчи Brand Finance компанияси эълон қилган ҳисоботига кўра, Google бренди Apple номидан ўзиб, 2017 йилнинг энг қиммат савдо белгисига айланган. 

Таҳлилчиларнинг фикрларига кўра, бир йил мобайнида Google бренди 21,3 млрд доллар (+24 фоиз)га ўсган ва умумий қиймати 109,47 млрд долларга етган. Айни вқтда Apple бренди қийматда 38,78 млрд доллар (–27 фоиз)ни йўқотган ва бугунги кунда унинг нархи 107,141 млрд долларга баҳоланмоқда.

Brand Finance экспертларининг фикрича, ҳозирда, Apple нафақат Samsung каби ўзининг анъанавий рақобатчилари, балки кўплаб Хитой брендлари билан курашишга мажбур бўлмоқда. 

Шу билан бирга, Apple компаниясидан ташқари, HP (–11,65 млрд), BT (–6,96 млрд), Vodafone (–5,99 млрд), Baidu (–4,6 млрд) ва Ericsson (–4,15 млрд) бренд қийматида бой берган. Ўз навбатида, ўсиш бўйича етакчилар рўйхатига Amazon (+36,75 млрд), Facebook (+28 млрд), AT&T (+27,1 млрд) ва Alibaba (+16,99 млрд доллар) кабилар кирган.

Ўсиш бўйича бу қадар юқори кўрсаткични намойиш этганига қарамай, Amazon энг қиммат брендлар рўйхатида 106,4 млрд доллар билан ҳамон учинчи ўринда мустаҳкам ўрнашиб олган. 76,265 млрд долларга баҳоланган Microsoft ўзининг тўртинчи ўрнини алоқа оператори AT&T брендига бўшатиб берган. 

Жанубий Кореянинг электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Samsung компанияси 66,23 млрд доллар (+13 фоиз) билан олтинчи ўринга жойлашган.