Канада қурилиш санъатлари мактаби исроиллик талабани ўқишга қабул қилишдан бош тортди. У бунга Исроил айби билан можаролар рўй бераётгани ва Фаластин ҳудудларида ноқонуний уй-жойлар қуриш фаолияти олиб борилаётганини сабаб қилиб кўрсатган, деб хабар берди The Jerusalem Post.

Исроилда яшовчи муҳандислик факультети талабаси Став Дарон Канададаги Island School of Building Arts (ISBA) қурилиш санъатлари мактабидан бир неча бор рад жавобини олган. ISBA’нинг хорижий талабалар билан ишлаш бўлими йигитга Исроилдан йўлланган мурожаатларни кўриб чиқишмаслигини, бу “можаролар билан алоқадорлик ва минтақада ноқонуний уй-жойлар қуриш фаолияти” билан боғлиқ эканини айтган (бу ерда Фаластин-Исроил можароси ва Исроилнинг Фаластин ҳудудидаги уй-жойлар қуриш фаолияти назарда тутилган). 

Дарон ISBA’да ёғочли конструкциялар қурилиши бўйича тўрт ҳафталик курсда ўқимоқчи бўлган (мактаб тош ва ёғочдан бинолар қуриш маҳоратига ўргатиш билан шуғулланади). Талаба бунинг учун мактаб сайтида курсга тайёргарлик кўриш бўйича махсус қўлланмани ҳам сотиб олган.

Бироқ Дарон электрон почта орқали ўз ҳужжатларини юборганидан сўнг хорижий талабалар билан ишлаш бўйича менежер Патрисия Рокош унга Исроилдан мурожаатлар кўриб чиқилмаслигини ёзди. Аввал эса исроилликлар бу мактабда бемалол ўқишлари мумкин бўлган. Рокош янги қоидалар Яқин Шарқ минтақасида мураккаб сиёсий вазият билан боғлиқлигини тушунтирган.

— Биз бутун дунё бўйлаб сиёсатчиларнинг қабул қилаётган қарорлари бизга ҳам бевосита таъсир кўрсатаётганидан жуда ҳам афсусдамиз. Бизда аввал ҳам Исроилдан бўлган талабалар таҳсил олишган. Бироқ биз учун масаланинг аҳлоқий жиҳати муҳим, — дея тушунтириб берган Рокош ўз мактубида.

Дарон эса бунга жавобан Исроилдан бўлганларни ўқишга қабул қилмаслик ирқчилик эканини айтиб ўтган.