«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо ҳужум чизиғини кучайтирмоқчи.

Шу туфайли у «Атлетико» ҳужумчиси Антуан Гризманни жамоасига олиб келиш учун жиддий қизиқиш билдирмоқда.

The Guardian маълумотига кўра, «қизил иблислар» ушбу 25 ёшли футболчининг трансфери учун 100 миллион евро сарфлашга тайёр. Футболчининг ўзи ҳам фаолиятини Англияда давом эттиришга тайёрлиги ва у шахсий шартнома бандлари хусусида келишиб олгани айтилган.

Унга кўра, Гризманнинг «Манчестер Юнайтед»даги йиллик маоши миқдори 18 миллион еврони ташкил қилади. Футболчининг «Атлетико» билан 2021 йилгача амалда бўладиган шартномаси мавжуд. 

Жорий мавсумда ушбу француз футболчиси Испания чемпионатининг 19 учрашувида майдонга тушди ва 8 гол уриб, 4 голга узатма берди. 

Гризманн 2016 йилги Европа чемпионатининг энг яхши футболчиси бўлганди. У Франция билан турнир финалига қадар борган, 6 гол урганди.