АҚШнинг янги президенти Дональд Трампнинг инаугурация маросими ва унинг Оқ уйга келганидан буён унинг рафиқаси Меланья омма олдида кўриниш бермади.

CNN хабарида 12 кундан буён америкаликлар биринчи хоним ҳақида ҳеч нарса эшитишмагани ёзилган. Трампнинг Делавэрга ҳалок бўлган зобитнинг дафн маросимига ташрифи вақтида унга қизи Иванка ҳамроҳлик қилган. Телеканалда эса бу Вашингтонда аслида ким биринчи хоним вазифасини бажаришини кўрсатгани қайд этилган.

Хабар қилинишича, Меланья хонимни охирги марта омма олдида 21 январь куни Вашингтондаги Миллий Собордаги ибодат вақтида кўришган. Кейинги кунда биринчи хоним ўғли Бэррон билан бирга Нью-Йоркка қайтган.

Бундан олдинги хабарларда Меланья Трамп ва ўғли Оқ уйга кўчиб ўтишни истамагани ҳақида айтилганди.