«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо таркибни кучайтириш бўйича режалари билан ўртоқлашди.

«Ҳозирда ёзги трансферлар ҳақида гапиришнинг мавриди эмас. Олдимизда кўплаб ўйинлар кутиб турибди. Аммо сизга айтишим мумкинки, ёзги трансферлар учун рўйхат тайёр. Мен ўзимга кимлар кераклигини биламан. Гап «Юнайтед» уларни сотиб олиш-олмаслигида. Мен буни аниқ айта олмайман, аммо мен ҳамиша вазиятга реал кўз билан қарайман», – дея Моуриньонинг сўзларини келтирган Reuters.

«Tribuna» нашри бу клубга ёзда келиши мумкин бўлган футболчилар ҳақида ёзди. Ушбу футболчиларни португалиялик мутахассис ўтган ойлар давомидаги интервьюларида тилга олиб ўтган.

Моуриньонинг нишонида турган футболчилардан бири – швециялик ҳимоячи, айни вақтда «Бенфика» аъзоси бўлган Виктор Линделёф. У Европадаги истиқболи порлоқ ёш футболчилардан бири эканини намойиш этиб бўлган.

Линделёфни «Юнайтед»дагилар қишдаёқ кутишганди, аммо футболчининг ўзи Португалияда қолишни маъқул кўрди. Эҳтимол у жамоаси билан шартномасини узайтириб, баландроқ нархда трансфер бўлиш эвазига жамоасига ёрдам бермоқчи бўлган, ёки у Англияга ўтиш олдидан яхшилаб ўйлаб кўрмоқчи бўлган.

Қолаверса, ушбу футболчига  «Ювентус»дан қизиқиш мавжуд.

Моуриньо бу футболчининг «Олд Траффорд»га келишида Златан Ибраҳимович ҳам иштирок этишига шама қилган. Ибраҳимович ёш ватандошини кўндириб бера оладими ёки йўқми, буни ёзда билиб оламиз. 

«МЮ» яна бир номи чиқмаган футболчи учун 45 миллион евро бермоқчи

«Манчестер Юнайтед»ни кучайтириши мумкин бўлган яна бир футболчи – португалиялик Бернарду Силва. У айни вақтда «Монако» етакчиларидан бирига айланган.

Бу футболчи айни вақтда 22 ёшда. У жамоасида 32 учрашувда 8 гол урди ва 7 голга узатма берди.

Шуни эътибордан чиқармаслик керакки, Жозе Манчестерга келганида, янги жамоасига португалиялик футболчиларни олиб келиш ниятида эмаслигини айтганди. Балки Моуриньо ўйлаб кўрар?

Шунингдек, «МЮ» бу футболчи учун қанча маблағ ажратиши ҳам муҳим. Клуб Силвага 70 млн фунт тўлаши мумкинлиги айтилган.

Моуриньо ушбу футболчига плеймейкерлик вазифасини юклаши мумкин. 

Яна ким?

Антуан Гризманн. ОАВ бу футболчи «Юнайтед» футболчисига айланиши ҳақида тинмай ёзмоқда, унинг «Олд Траффорд»га келишини Тьерри Анри ва Стивен Жеррард каби фахрийлар ҳам яхши қаршиламоқда. Бугун эса ушбу футболчи манчестерликлар билан шахсий шартнома хусусида келишиб олгани, унга кўра унинг йиллик маоши миқдори 18 миллион евро бўлиши ҳақида хабар пайдо бўлди.

Антуан «Юнайтед» аъзоси Поль Погба билан яқин дўст ҳисобланади.

«У менга энг яқин одамлардан бири. Кўп бахтиёр кунларимда Гриз ёнимда бўлган. У худди акамдек. Биз ҳамиша биргамиз», – деганди бироз олдинроқ Погба.

Айнан шу муносабат франциялик юлдузнинг «Атлетико»дан «Реал»га эмас, Англияга келишида муҳим омил бўлиши мумкин.

Демак: 3 чизиқ учун 3 футболчи. Эндиликда Давид Де Хеанинг келажаги мавҳум қолмоқда, ушбу футболчига ҳамон «Реал» томонидан жиддий қизиқиш мавжуд.