Оқ уй АҚШ президенти Дональд Трамп мексикалик ҳамкасби Пенья Ньетога Мексикадаги “ёмон йигитларни тўхтатиш” учун америкалик ҳарбий хизматчилар юбориши мумкинлиги билан таҳдид қилганини рад этди. Бу ҳақда Hill газетаси хабар берди.

Аввалроқ “Ассошиэйтед Пресс” агентлиги ўз манбасига таянган ҳолда, Трамп мексикалик ҳамкасби билан суҳбатда Мексикада “ёмон йигитларни тўхтатиш” учун америкалик ҳарбий хизматчиларни юбориши мумкинлигини айтгани ҳақида хабар берганди. Агентлик маълумотига кўра, АҚШ президенти “ёмон йигитлар” деб Мексикадан бўлган кишиларга нисбатан қўлланилувчи hombres сўзини ишлатган. АҚШ президенти айнан қайси “ёмон йигитларни” назарда тутганига аниқлик киритилмаган. Мексика ташқи ишлар вазирлиги икки давлат етакчилари ўртасида шундай мулоқот бўлгани ҳақидаги маълумотларни “ёлғонга асосланган”, деб маълум қилди.

“Президент Мексикага қўшинлар юбориш билан таҳдид қилгани ҳақидаги хабарлар нотўғри. Ҳаттоки Мексика ҳукумати ҳам бу хабарларни рад этмоқда”, - дея маълум қилди Оқ уйнинг номини ошкор этишни истамаган вакили.

АҚШ ва Мексика муносабатлари президент Дональд Трамп ҳукуматга келгач кескинлашди. У ўз лавозимига киришиши билан Мексика билан чегарада девор қуриш ҳақида топшириқ берган. Трамп Мексика қурилиш сарф-харажатларини қоплаши кераклигини талаб қилмоқда, бироқ Мексика президенти бундан бош тортмоқда.