Руминия пойтахти Бухарест шаҳри кўчаларига 100 мингдан ортиқ инсон ҳукуматга қарши норозилик намойишларига чиқди. Бу жиноят кодексининг ўзгартирилиши ва маҳбусларни амнистия қилиш ҳақидаги қарор билан боғлиқ, деб хабар берди маҳаллий ОАВ.

Руминиянинг agerpres.ro агентлиги маълум қилишича, Бухарестдаги ҳукумат биноси ёнидаги пикетларда 100 мингдан ортиқ инсон қатнашмоқда. Улар “Ўғрилар!”, “Истеъфога чиқиш!”, “Амнистияга йўқ” деб ҳайқиришмоқда.

Шунингдек, мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари - Клуж-Напока, Галац, Ясса, Сибиу, Тимишоара ва Бакэуда ҳам норозилик намойишлари авж олган. Digi24.ro порталининг хабар беришича, кўчаларга умумий ҳисобда 140 минг киши чиққан.

Маҳаллий ОАВнинг таъкидлашича, бу Руминияда сўнгги 25 йил давомидаги энг йирик норозилик акциясидир. Руминия фуқаролари ҳукумат томонидан янги тузатишлар киритилиши оқибатида порахўрликда айбланган амалдорлар, шунингдек, бир қатор хавфли жиноятчилар озодликка чиқарилишидан ташвишда.

Ҳукумат биноси ёнида жамоат тартибини сақлаш учун полиция тизмаси шакллантирилди. Хабар қилинишича, пойтахтнинг бир неча кўчаларида ҳаракат мураккаблашган. Норозилик намойиши тинч руҳда ўтмоқда.

Руминияда бундай норозилик акцияларининг биринчи тўлқини 22 январь куни рўй берди. Ўшанда акцияда қатнашганлар умумий сони 20 минг кишидан ошмади. Бир ҳафта ўтиб эса турли шаҳарлар кўчаларига деярли 100 минг фуқаро чиқди.

Аввалроқ бош вазир Сорин Гриндяну тўлиб-тошган қамоқхоналарни бироз бўлса-да бўшатиш учун бир қатор маҳбусларни амнистия қилишни таклиф қилганди. Президент Клаус Йоханнис эса бунга қарши чиқди. Мухолиф Миллий-либерал партия чоршанба куни вазирлар маҳкамасига ишончсизлик билдириш ташаббуси билан чиққан.

Маълумот учун, амнистияга 60 ёшдан катта кишилар, ҳомиладор аёллар, ёш болалари бўлган маҳбуслар тушиши мумкин. Шунингдек, жазо муддати беш йилдан ортиқни ташкил этмайдиганлар ҳам озодликка чиқиши эҳтимолга яқин.