АҚШ президенти Дональд Трамп Мексика раҳбари Энрике Пенья Ньето билан телефон орқали мулоқотда “ёмон йигитларни” тўхтатиш учун Америка қўшинларини жалб этиш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

“Сизларда у ерда жуда кўп ёмон йигитлар бор. Сиз уларни тўхтатиб қолиш учун етарли нарса қилмаяпсиз. Ўйлашимча, сизнинг армиянгиз қўрқади. Бизники эса – йўқ, шунинг учун мен уларни бу борада ғамхўрлик кўрсатишлари учун юборишим мумкин”, - дея гўёки маълум қилган Трамп Мексика президенти билан суҳбатда.

Шу билан бир қаторда, Америка президенти айнан кимни “ёмон йигитлар” деб атаганига аниқлик киритилмаган.

Трамп ва Пенья Ньетонинг телефон суҳбати ҳақида маълумот берган агентлик манбаси ўз номини ошкор этишни истамаган. Агентликнинг таъкидлашича, Мексика ОАВлари ҳам шунга ўхшаш мулоқот қисмини тақдим этишган.

Мексика ташқи ишлар вазирлиги эса буни сохта деб атади ҳамда аслида Трамп ва Пенья Ньето мулоқоти ижобий кайфиятда ўтганини таъкидлади. Оқ уй бу борада изоҳ бермади.

Агентлик Трамп “ёмон йигитлар” иборасини аввалги чиқишларида ҳам ишлатганини таъкидлади.

Маълумот учун, Трамп Мексика президенти билан 27 январь куни телефон орқали мулоқот қилди. Ҳар икки мамлакат етакчилари суҳбати тахминан бир соат давом этган.