Тошкент вақти билан 1 февраль куни Европанинг етакчи чемпионатларида қишки трансфер ойнаси ёпилди. Tribuna.Uz трансфер бозори якунлари, бозорининг шов-шувлари, энг асосий ўнта трансфер ҳақида маълумот беришга қарор қилди.

Худди 2016 йилнинг қишки трансферлари вақтида бўлгани каби бу сафар ҳам Хитой асосий ролни ўйнади. Ҳали Чин юртида трансферлар ойнаси якунланмаганига қарамай, ҳозирнинг ўзида бу мамлакатда қишки трансферлар бозоридаги энг шов-шувли трансферлар рўй берди.

Қишки трансферлар ойнасидаги энг қиммат 10та трансфернинг тўрттаси айнан шу чемпионат вакиллари иштирокида (жами 121,7 млн. евро сарфланди) амалга оширилди. Европанинг етакчи чемпионатлари Англия, Германия, Испания ва Италия жамоалари бу пайтда нисбатан олиб қараганда, йирик харидларни амалга оширмади. Фақатгина Франция биринчилиги вакиллари бу сафар фаолроқ бўлганини қайд этиш лозим. Ўнта энг қиммат трансфернинг 3таси айнан шу чемпионатда кузатилди. Бунинг учун жамоалар 99,3 млн. евро сарфлади.

Шунингдек, бу йил қишки трансферлар вақтидаги энг қиммат харид амалга оширилди. (Оскар учун 60 млн евро. Бунгача рекорд 2011 йилда Фернандо Торреснинг 58,5 млн. евро эвазига «Ливерпуль»дан «Челси»га ўтишида ўрнатилганди) Бу йил футболчи учун тўланадиган энг қиммат маош бўйича ҳам (37,5 млн евро —Карлос Тевеснинг «Шангҳай Шенгхуа»даги йиллик даромади) рекорд ўрнатилди.

Қишки трансферлар рекордчиси
Оскар (60 млн. евро. «Челси»дан «Шангҳай СИПГ»га. Шартнома муддати: 4 йил)


Бир неча йил олдин бразилиялик яримҳимоячи ўз ёш тоифасидаги энг иқтидорли футболчилардан бири саналарди. «Челси»га Антонио Конте бош мураббий бўлиб келгач, Оскар асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйди. 2016/17 йилги мавсумда футболчи жами бўлиб, лондонликлар сафида 11 учрашувда (9та Англия чемпионати, шунлардан 5тасида асосий таркибда; икки марта лига Кубоги, шуларнинг биттаси асосий таркибда) майдонга тушди. Бу давр мобайнида у фақатгина бир марта голли узатмани амалга ошира олди, холос.

Оскар эндиликда Хитойда Евро-2016 чемпиони Рикарду Карвальо, «Краснодар»нинг собиқ футболчиси, Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов, шунингдек, ватандоши, собиқ «Зенит» футболчиси Халк билан бирга тўп суради. «Шангҳай СИПГ»да ҳозирги кунда «Челси», «Тоттенҳэм» ва «Зенит» жамоалари собиқ устози Андре Виллаш-Боаш бош мураббий саналади.

Оскарни «Челси» 2012 йилда 32 млн. еврога сотиб олганди (+28 млн евро).

Европа клублари ўртасидаги энг қимматбаҳо савдо
Юлиан Дракслер (40 млн. евро. «Вольфсбург»дан «ПСЖ»га, Шартнома муддати: 4,5 йил)

Дракслер бир неча йиллардан буён Германиянинг энг иқтидорли футболчиларидан бир сифатида эътироф этилади. Ўз мамлакатида «Шальке» ва «Вольфсбург» таркибида тўп сурган, аммо айтарли совринларни (2010/11 йилги мавсумда Германия Кубоги ва Суперкубогидаги ғалаба) қўлга киритмаган. Яримҳимоячи ЕЧЛда мунтазам иштирок этадиган «ПСЖ» сафига 9 млн. евро йиллик маош эвазига ўтиб кетди. 2014 йилда Германия билан жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган футболчи,  янги жамоаси сафида тўртта учрашув ўтказиб, иккита гол киритишга ҳам улгурди.

Дракслерни сотишдан «Вольфсбург» 2 млн. евро зарар кўрди. (2015 йилда Юлиан билан шартнома немис клубига 42 млн. еврога тушганди).

Қишда товланган ягона жанубий америкалик
Габриэл Жезус (32 миллион евро, «Палмейрас»дан «Манчестер Сити»га. Шартнома муддати: 4,5 йил)


19 ёшли Олимпиада чемпиони 2016 йилнинг ёзидаёқ манчестерликлар билан шартнома имзолаганди. Бироқ футболчининг истаги сабаб, у Бразилияда мавсумни якунлаб қўйди: узоқ йиллик танаффусдан кейин «Палмейрас»га мамлакат чемпиони унвонини қайтариб олишда ёрдамлашди ва январнинг ўртасига келибгина «Сити»га ташриф буюрди. Бразилиядаги икки йиллик профессионал фаолияти давомида у 83 учрашувда майдонга тушиб, 28та гол уришга муваффқ бўлди.

21 январь куни Жезус «Манчестер Сити» таркибида «Тоттенҳэм»га қарши учрашувда 82-дақиқада майдонда тушиб, фаол ҳаракат қилди. Қисқа вақтда у дарвозага уч марта зарба беришга улгурди, ҳаттоки гол киритишга ҳам муваффақ бўлганди, бироқ офсайд қайд этилгани сабаб гол инобатга олинмади.

«Палмейрас» ўз тарбияланувчисини сотиш орқали 32 млн. евро ишлаб топди.

Португалия чемпионатининг 2017 йилдаги энг қиммат футболчиси 
Гонсало Гуэдеш (30 млн. евро. «Бенфика»дан «ПСЖ»га. Шартнома муддати: 4,5 йил)

20 ёшли «Бенфика» тарбияланувчиси 2016/17 йилги мавсумдан бошлаб илк марта фақат лиссабонликлар  асосий жамоасида (олдинги икки мавсумда иккала жамоа ўртасида «сарсон» бўлган) тўп сура бошлаганди. Гуэдеш «Бургутлар» сафида 68 учрашувда майдонга тушиб, 11та гол урган. Бу вақт давомида «Бенфика» икки мартадан мамлакат чемпионати ва суперкубогида зафар қучди. Шунингдек, икки марта лига кубогида ҳам ғалаба қозонди.

29 январь куни куни футболчи «ПСЖ» сафида «Монако»га қарши чемпионат учрашувининг (1:1) сўнгги уч дақиқасида майдонга туширилди.

«Бенфика» ўз тарбияланувчисини сотиш эвазига 30 млн. евро фойда кўрди.

«Айлана, айлана қозиғини топган от»
Димитри Пайет (29,5 млн евро. «Вест Ҳэм»дан «Марсель»га. Шартнома муддати: 4,5 йил)

2016 йилги Европа чемпионатининг энг яхши футболчиларидан бири 2013-2015 йилларда тўп сурган жамоасига яна қайтди. Пайет учун Англияда барчаси яхши кечаётганди. Бироқ оилавий муаммолар сабаб у жамоадан кетишни истаб қолди ва бутун ой давомида дунё матбуотига мавзу бўлган жанжалларни юзага келтирди. Охир-оқибат лондонликлар 1,5 ярим мавсум давомида жамоа учун 60 учрашувда майдонга тушию, 15та гол урган футболчини сотиб юборишга қарор қилди.

«Вест Ҳэм» футболчини сотишдан 14,5 млн евро фойда қилди (2015 йилда Пайет учун лондонликлар 15 млн. евро тўлашганди).

Уч баравар қимматлаган «қора жавоҳир»
Одион Игало (23,3 млн. евро, «Уотфорд»дан «Чанчунг Ятай»га)

Игалонинг Хитойга ўтган трансфер нархи унинг бу пайтгача сотилган барча трансфер нархларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам 2,6 баравар кўпроқ суммани ташкил қилади. Хитой клубига ўтгунига қадар нигериялик ҳужумчи Англия чемпионатида 2,5 йил тўп сурди. Бу даврда 100та учрашувда 39та гол киритишга муваффақ бўлди.

Игалони сотишдан «Уотфорд» тахминан 21,3 млн евро ишлаб топди (2014 йилда жамоа уни «Удинезе»дан сотиб олганида шартномада футболчи трансфер қилинса, бир қисми италияликларга ҳам ўтказиб берилиши керак бўлган. Бироқ бу борада аниқ сумма маълум эмас).

Англия ичидаги қишнинг энг қиммат трансфери
Морган Шнейдерлин (22,9 млн. евро, «МЮ»дан «Эвертон»га. Шартнома муддати: 4,5 йил)

Манчестерга келганида сал бўлмаса, Англиянинг энг яхши таянч яримҳимоячисига тенглаштирилган Морган жамоада айтарли ҳеч қандай каромат кўрсата олгани йўқ. Моуриньо келгач, умуман таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйди. Икки мавсум «МЮ»да ўйнаган футболчи барча мусобақаларни қўшганда 42та учрашув ўтказиб битта гол урди. Жорий мавсумда эса атиги 3та учрашувда майдонга тушганди.

«Эвертон» сафида футболчи иккита ўйин ўтказишга улгурди. Икки сафар ҳам у захирадан майдонга туширилганди.

Француз футболчисини сотишдан «МЮ» бир ярим йил ичида 12,1 млн. евро йўқотди (2015 йилда манчестерликлар Морган учун «Саутҳемптон»га 35 млн. евро тўлаганди).

Хитойлик энг қиммат футболчи
Чжанг Чженг Дун (20,4 млн. евро, «Бейжинг Гуан»дан «Хэбэй Чайна Форчун»га. Шартнома муддати: 5 йил)

Пойтахт ва Хэбэй провинцияси жамоалари ўртасида амалга ошган трансфер мазкур трансфер ойнасининг энг ажабтовур савдоларидан бири бўлди. Сўнгги марта 2014 йилнинг майида гол урган яримҳимоячи учун «Хэбэй» 20 млн.дан ошиқроқ маблағ тўлади. Transfermarkt.de маълумотларига кўра, унинг трансфер нархи янги клубга ўтиши арафасида 475 минг еврони ташкил қилган. Унинг энг бозордаги энг максимал нархи 1,4 млн еврогача (2012 йилда) кўтарилган.

«Бэйжинг Гуан» Чженг Дун трансферидан 18,9 млн. евро ишлаб олди (2013 йилда пойтахтликлар унга 1,5 млн. евро тўлашган).

Янги Пелле умидида
Маноло Габбьяддини (20 млн. евро. «Наполи»дан «Саутҳемптон»га. Шартнома муддати: 4,5 йил)

Мавсум аввалида Ҳигуаинни сотиб юборган «Наполи» унинг ўрнига сотиб олинган Аркадиуш Милик узоқ муддат сафдан чиққач, айнан Манолога ишонч билдириши кутилганди. Бироқ Сарри кутилмаган Дрис Мертенсдан янги марказий ҳужумчи ихтиро қила олди. Габбьяддинида эса кетишдан бошқа вариант қолмаганди.

Италия ичидаги қишнинг энг қиммат трансфери
Леонардо Паволетти (18 млн. «Женоа»дан «Наполи»га. Шартнома муддати: 4,5 йил)

Неаполликлар Габбьяддини кетишидан олдинроқ Паволетти билан келишиб бўлишганди. Асосий таркибдан ўрин кафолатланмаган футболчи учун «Наполи» яхшигина пул тўлади. Леонинг «Женоа»даги икки мавсуми унчалик ёмон ўтмади.  Форвард 46 учрашувда 25та гол урди.

Генуяликлар футболчини сотишдан 15 млн евро ишлаб топишди(2015 йилда футболчи уни 3 млн. еврога сотиб олганди).

Испан клуби иштирокида энг қиммат трансфер
Алешандре Пато (18 млн. евро, «Вильярреал»дан «Тиангжинг Цзюангцзянг»га. Шартнома муддати: 3,5 йил)

Пато 10 йил муқаддам замонавий футболда Бразилиянинг энг иқтидорли футболчиларидан бири сифатида қараларди. Аммо футболчи ўз имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқара олмади. 2013 йилдан 2016 йилга қадар Бразилиянинг «Коринтианс» клубига тегишли бўлган футболчи турли клубларда ижарага асосида юрди, лекин бирортасида ўзини айтарли тарафдан кўрсата олмади.

Ёзда у «Вильярреал» сафига келиб қўшилди. Ярим мавсумда 22 учрашув ўтказган футболчи 6 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди.

Испан жамоаси Патони сотишдан 4 ой ичида 15 млн евро фойда кўрди (2016 йил ёзида  ҳужумчи 3 млн. евро эвазига сотиб олинганди).