Украина президенти Петро Порошенко Германиянинг Berliner Morgenрost нашрига берган интервьюсида ўз мамлакатининг НАТОга аъзо бўлиб кириши масаласида референдум ўтказиш ниятида эканини айтди.

"4 йил олдин Украинанинг НАТОга аъзо бўлиб киришини аҳолининг 16 фоизи қўллаб-қувватлаганди. Ҳозирда бу кўрсаткич - 54 фоизни ташкил этади. Халқнинг фикрини ифодаловчи президент сифатида мен Украинанинг НАТОга аъзо бўлиб кириши масаласида референдум ўтказаман. Агар украинлар буни қўллаб-қувватласа, мен Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлишимиз учун бор имкониятларни ишга соламан", деган Порошенко.

Украина Олий Радаси 2014 йилнинг декабрида мамлакатнинг блоклардан холи бўлиши бўйича икки қонунга ўзгартиришлар киритганди.

2015 йилнинг 24 сентябрида эълон қилинган Украинанинг янги ҳарбий доктринасига кўра, Киев НАТО билан ҳамкорликни мустаҳкамлашни устувор мақсад сифатида кўради.

НАТОнинг собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен бундан олдинроқ Украина альянсга аъзо бўлиб кириш учун кўп вақт кутиши лозимлиги ҳақида айтиб ўтганди. Экспертлар Украина яқин 20 йил ичида НАТО аъзосига айлана олмаслигини айтишган.

Мутахассислар шунингдек, НАТО ҳудудий низоларга аралашган давлатни ўз таркибига қабул қила олмаслигини таъкидлашади. Украина 2014 йилдан буён Россия билан Қримга эгалик қилиш масаласида низолашиб келмоқда.