Тошкент вилоятидан сайланган депутатлар ва Сенат аъзолари Қуйичирчиқ туманидаги корхона, ташкилот, муассаса ҳамда хонадонларга бориб, одамлар фикри ва эҳтиёжлари билан қизиқди. Шундан сўнг таълим муассасалари фаолияти билан яқинроқ танишдилар.

Таъкидланганидек, туманда 2-6 ёшдаги болалар сони 8 минг 400 нафар бўлиб, уларнинг 19,8 фоизи мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олинган. Айниқса, “Янги ҳаёт”, “Тошовул”, “Истиқлол”, “Гул” қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларида боғчага бўлган талаб катта. Мактабгача таълим муассасаси қуриб бериш бўйича энг кўп талаб айнан мазкур ҳудуд аҳолисидан тушаётганини инобатга олиб, бу бўйича зарур чоралар кўриш лозимлиги тавсия қилинди.    

Шунингдек, тумандаги 10-сонли “Ниҳол” мактабгача таълим муассасасида ёш авлод вакилларига яратилган кенг имкониятлар, уларни амалий машғулотлар билан қамраб олинганлик даражаси, гуруҳлардаги болалар сони нормага мувофиқлиги, болаларнинг овқатланиш рациони, муассасадаги санитария ҳолати билан боғлиқ масалалар ҳам алоҳида таҳлил қилинди. Мавжуд камчиликлар ва уларни жойида бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Масалан, ўйин майдончалари, айвончалар яроқсиз аҳволга келиб қолган. Туман ҳокими иштирокида ушбу масалани ҳал этиш чоралари белгиланди.