Экспертлар 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси юзасидан ўтказилган кенг жамоатчилик муҳокамасини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили асосий ғоясининг амалий ифодаси бўлди, деб таъкидлашмоқда.

Бу жараён, аввало, фуқароларимизнинг энг муҳим ижтимоий-­сиёсий масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда қатнашишга интилиши кучли эканини, турли касб, ёш, ­миллат вакилларида Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишидан манфаатдорлик туйғуси юксаклигини кўрсатди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳолаш тизими порталига келиб тушган 1 минг 300 дан ортиқ фикр-мулоҳазалар, шунингдек, бевосита давлат идораларига юборилган таклифлар, ижтимоий тармоқларда ­кечган қизғин муҳокамаларни ­ўрганиш одамларнинг жамият ҳаётининг турли жабҳаларига доир фикрларини баҳолаш, долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича оқилона ва ­амалий ечимларни топиш имконини берди. “Танқид амалий таклиф ­билан гўзал” — айнан шу тамойил барча бўғиндаги муҳокамаларда муҳим ­мезонга ­айланди.

Бу саъй-ҳаракатлар Ҳаракат стратегияси лойиҳасини одамларнинг реал эҳтиёжларини акс эттирадиган қоидалар ­билан тўлдиришга, айни ­пайтда жамиятдаги кайфиятни, аҳолининг орзу-истаклари, аниқ муаммоларини аниқлашга, фуқаролик жамияти равнақини намойиш этишга замин яратди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, парламент палаталари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган медиа-майдондан ­ташқари, барча оммавий ахборот воситаларида, ҳудудий босма ОАВларда, мамлакатимизнинг 24 та, хорижнинг 9 та веб-ресурсида, 16 та етакчи телеканал ҳамда 6 та радиоканалда қизғин муҳокамалар олиб борилди. Ҳаракат стратегияси лойиҳаси қоидалари ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг ҳам асосий мавзусига айланди.

Таъкидлаш керакки, фуқаролар ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўз кундалик ҳаёти мисолида билади, қабул қилинаётган қонунлар, давлат дастурлари таъсирини рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ­орқали теран англаб етади. Шу маънода, Ҳаракат стратегиясининг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилинганини кўпчилик тўпланиб қолган оғриқли муаммолар ҳақида очиқ ва эркин фикр алмашиш учун қулай имконият сифатида баҳолади. Аксарият келиб тушган таклифлар қабул қилингани ёки фойдали ахборот сифатида инобатга олингани қувонарли, албатта. 

Баҳс-мунозараларда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини, давлат хизматлари шаффофлигини ва сифатини кучайтириш таклиф этилди. “Электрон ҳукумат” тизими салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш бўйича салмоқли фикрлар билдирилди. Бу аҳолининг хабардорлигини оширишга, пировардида ­уларнинг фаоллигига замин яратиб, жамиятда боқимандалик кайфиятини йўқотишга, одамларни барча давлат ишида бевосита иштирок этишга ундайди. Хусусан, “фуқаролардан бошқа давлат органлари ёки хўжалик субъектларидан бериладиган маълумотномаларни талаб қилишни тақиқлаш, уларни давлат органлари ўзаро сўрови асосида, жумладан, элек­трон ахборот алмашинуви ­орқали олиш ­тизимини ­яратиш” таклиф этилди.

Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар муҳокама иштирокчилари томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Изоҳларда суд органларига бўлган ишончни ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Аҳоли, айниқса, тадбиркорлар учун бепул юридик хизматлар тизимини ривожлантириш сўралмоқда. Электрон судлов ­амалиётини жорий қилишни якунига етказиш,  фуқаролар учун суд жараёнларининг очиқлигини таъминлаш ­бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.

Ҳаракат стратегиясининг иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича муҳокамалар шуни кўрсатдики, Ўзбекистон халқи таклиф қилинаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватламоқда ҳамда ушбу соҳа истиқболини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини фаол рағбатлантиришда кўрмоқда. Аммо тадбиркорларнинг эркин фаолият кўрсатишида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган қатъий чора-тадбирларга қарамасдан, жамоатчилик фикри қатор муаммолар, жумладан, бюрократик сансалорликлар кузатилаётганини кўрсатаяпти. Масалан, назорат органлари билан муносабатларда тадбиркорлар манфаатлари устуворлиги ҳали ҳам таъминланаётгани йўқ. “Кенг аҳоли қатлами имкониятларини фаоллаштириш учун барча чорани ишга солиш керак. Тадбиркорга эркинликлар ­бериш мамлакат иқтисодиётини кўтаради!” дейишмоқда ишбилармонлар.

Ахборот-коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш, интеллектуал қурилмалар ва интернет-сервисларни кенг жорий қилиш, ижтимоий муассасаларни ­замонавий воситалар билан жиҳозлаш, уларни тармоқ ­инфратузилмаларига интеграция қилиш ва улаш, ахборот технологияларини бизнес ­бошқарувига татбиқ этиш, давлат секторини автоматлаштириш, алоқа операторлари ва рақамли телевидение провайдерлари хизматларини кенгайтириш ва равнақ топтириш, маҳаллий ахборот технология­лари, дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун қулай муҳит яратиш юзасидан амалий таклифлар, фикр-­мулоҳазалар билдирилди. ­Фуқароларимиз буни Ўзбе­кистоннинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини оширишда муҳим омил, деб ҳисоблайди.

Иштирокчиларнинг фикрича, Ўзбекистон иқтисодиёти улкан салоҳиятга эга. Масалан, катта-катта ­майдонларни қамраб олган қир-адирларда писта етиштириш учун табиий имконият мавжуд. Лекин бундан етарли даражада фойдаланаяпмиз, деб бўлмайди. Шу боис фуқаролар томонидан писта етиштиришни кенг йўлга қўйиш ва уни қайта ­ишлаш корхоналарини ташкил қилиш вақти ­келди.
Муҳокамалар чоғида аҳоли экологик муаммоларга бефарқ эмаслиги яққол намоён бўлди. Тупроқ регенерацияси, сув таъми­ноти, ўрмон бойликларини ­асраб-авайлаш масаласи ҳам иштирокчилар диққат-марказидан четда қолмади. 

Дарҳақиқат, табиатни ва ­табиий ресурсларни асраб-авайлашга етарли даражада инвестиция киритилмаслиги келажакда нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ­етиштириш ҳажмининг қис­қаришига, оқибатда энергетика барқарорлигига, озиқ-­овқат хавфсизлигига, инсон саломатлиги ва иқтисодиёт ­ривожига салбий таъсир ­кўр­сатади. 

Мамлакатимизнинг пул, валюта­ сиёсатини янада мус­таҳкамлаш, транспорт тизимини ривожлантириш бўйича ҳам турли таклифлар келиб ­тушди. Юртдошларимизнинг эътироф этишича, Ўзбекистон нафақат минтақа учун, айни пайтда ­бутун Евроосиё доирасида ­халқаро транзит хаби бўлиш учун барча имкониятга эга. 

Энг фаол муҳокама ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари юзасидан бўлди. Янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолининг, аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари ­битирувчиларининг, меҳнат бозорида рақобатга кириша олмайдиган фуқаролар тоифалари бандлигини таъминлаш каби масалалар  ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Бунда дастурчилар, маълумотлар базаси маъмурлари учун меҳнат ҳақи тўловини қайта кўриб чиқиш масаласига алоҳида урғу берилди. Зеро, бу масалалар жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, юртимиз иқтисодиёти учун зарур кадрлар қўнимсизлигининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Уй-жой коммунал соҳасини ислоҳ қилиш фуқароларимиз томонидан энг кўп фикр ­билдирилган йўналишлардан биридир. Муҳокамалар ушбу йўналишда, шу жумладан, ­хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятида жиддий муаммолар борлигини, коммунал тўловларни асоссиз равишда ошириш ҳолатлари учраётгани, соҳада малакали мутахассислар етишмаслиги каби масалалар мавжудлигини кўрсатди.

Жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни юртимизнинг мустақиллик йилларидаги асосий ютуғи сифатида эътироф этдилар. Ўзбекистонда динлараро ва миллатлараро тотувлик, бағрикенглик муҳити ҳукмронлигини, юртимизнинг халқаро ҳамжамиятда нуфузи ўсиб бораётганлигини ғурур ва ифтихор билан таъкидладилар. Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар халқимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон дунё ҳамжамияти учун очиқ бўлиб, фуқаролар хорижга ҳеч бир тўсиқсиз, энг муҳими, хавфсиз сафар қилишни, бизнесини кенгайтиришни истайди. ­Амалий таклифларда консуллик идоралари фаолиятини, уларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, шунингдек, ­фуқаролар ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш зарурати ўз ифодасини топган.

Мухтасар айтганда, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон ­Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси юзасидан ўтказилган кенг жамоатчилик муҳокамасини “Ўзбекистон деб аталмиш умумий уйимиз тақдирини белгилашда иштирок этиш имконияти ­яратиб берилгани учун раҳмат!” деган ғоя билан умумлаштириш ­мумкин. Зеро, кенг кўламли ислоҳотларда жамоатчилик иштирокининг ушбу шакли, шубҳасиз, фуқаролик жамияти ­ривожида муҳим аҳамият касб этади ҳамда давлат томонидан ­пухта ва самарали қарорлар ҳаётга татбиқ қилинишида асосий ­воситага айланади.

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири