Тошкент ирригация ва мелиорация институтида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни мазмун моҳиятини талаба ёшлар орасида тарғибот-ташвиқот қилиш ва тушунтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Д.Файзиева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Э.Шукуров ва институт талабалар қатнашди.

Тадбир Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Бугун биз халқимизни ишонтириб, баланд овоз билан айтишимиз зарурки, буюк устозимизнинг сиёсий мероси, яъни у киши белгилаб берган тараққиётимизнинг асосий тамойиллари, устувор йўналишлари, мақсад ва вазифалари сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир” сўзлари билан бошланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг юртимизда бугунги кунда амалга оширилаётган ижтимоий–иқтисодий ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ташаббуслари мазмун моҳияти қатнашчиларга чуқур тушунтирилди. Шу билан биргаликда, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларидаги қизғин муҳокамаси ҳамда Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш соҳасининг мазмун–моҳияти тўғрисида сўз юритишди.

Давра суҳбати қатнашчилари Ўзбекистонда баркамол авлодни вояга етказиш соҳасида рўёбга чиқарилаётган чора–тадбирлар ўз натижаларини бераётган, бу борада қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ишлари изчил давом этаётганини таъкидлаб ўтишди.