Россиянинг Владимир вилоятида яшовчи тожикистонлик Жўраевлар оиласида 29 январь куни ўғил фарзанд дунёга келди. Унга бобоси Раҳмон Жўраев Россия мудофаа вазири шарафига Шойгу деб исм қўйди. Боланинг тўла исм-шарифи - Шойгу Ҳурмадович Жўраев.

«Шойгу Россия фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини ривожлантирди ва набирам унинг шарафига қўйилган исмни олиб юришга ҳақли», - дея маълум қилди Раҳмон Жўраев «Новый город Александров» нашри билан суҳбатда.

70 ёшли Раҳмон Россия президентининг катта мухлиси ҳисобланади. Эркак ҳаттоки ўз уйида Россия президенти тасвирланган турли буюмлардан иборат кичик музей ташкил қилган. Деворларда эса Путин ва Собяниннинг суратлари бўлган гиламлар осилган.

«Мен газетада Мисрда бир журналист ўз фарзандига Путин-Мухтор деб исм қўйганини ўқиганимда, хаёлимга фикр келди: нима учун узоқдаги мамлакатда шундай иш юз бермоқда, мен эса Путин учун ўлимга ҳам тайёрман ва ўз набирамга президент номини бермаслигим керак», - дея маълум қилди Раҳмон Жўраев.

Маълумот учун, Жўраевлар Тожикистондан Россияга етти йил аввал келишган бўлиб, Россия фуқаролигига эгалар. Улар биринчи беш йил давомида Москвада яшашган бўлса, эндиликда Владимир вилоятининг Александров туманидаги Легково қишлоғида умр кечиришмоқда.