Ўзбекистонда 2016 йилда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотларини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,6 фоизга ошириш имконини берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги хабар берди. 

Пахта майдонларини 30,5 минг гектарга қисқартириш ва бўшаган ерларга ички ҳамда ташқи бозорда талаб юқори бўлган мева-сабзавотларни замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этган ҳолда экиш ҳисобидан экин майдонлари тузилмаси оптималлаштирилди. 

Натижада, қарийб 3 миллион тонна пахта хомашёси, 8,3 миллион тонна буғдой, 21 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавотлар, жумладан, қарийб 3 миллион тонна картошка, 11,3 миллион тонна мева, 2 миллион тонна полиз маҳсулотлари, 1,7 миллион тоннадан ортиқ узум, 3 миллион тонна мева ва резаворлар етиштирилди ва йиғиб олинди. 

Мева-сабзавотларни ишлаб чиқариш ва уларни сақлашга қаратилган ҳажмининг ошиши, мазкур маҳсулотларни сақлаш учун махсус совутгичларни қуриш ва сақлаш технологиясини такомиллаштиришга мустаҳкам замин яратди. Хусусан, 2016 йилда 93,1 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун 204 янги совутиш камераси ташкил этилди ҳамда 12,7 минг тонна маҳсулотни сақлайдиган 26 совутиш камераси модернизация қилинди. 

Қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини янада ошириш мақсадида 2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давлат дастурини амалга ошириш доирасида 2016 йилда узунлиги 856,3 километрлик коллектор, 322,6 километр ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 233 вертикал дренаж қудуғи, 12 та мелиоратив насос станцияси, 357,4 километр канал, 70,8 километр суғориш латок тизими барпо этилди ва реконструкция қилинди.

2016 йилда чорвачилик сектори салоҳиятини янада ошириш мақсадида тижорат банкларининг қиймати 464 миллиард сўмдан зиёд кредитлари ҳисобидан қорамол боқиш, паррандачилик, асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш ва балиқ етиштиришни кўпайтириш бўйича 5,2 мингта лойиҳа амалга оширилди. Натижада, 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, қорамоллар умумий сони қарийб 12,2 миллион бошга (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104,5 фоиз) етди. 2016 йилда тирик вазни 2,2 миллион тонна гўшт (106,8 фоиз), 9,7 миллион тонна сут (107,5 фоиз), 6,1 миллиард донадан ортиқ тухум (110,6 фоиз) ва бошқа маҳсулотлар тайёрланди.