Ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа инфратузилмасига йўналтирилган инвестициялар, иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш ва таркибий ўзгаришларни олиб бориш натижасида охирги йиллардаги юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги. 

Бу аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада оширишга хизмат қилиб, жамиятдаги ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашни таъминлади. Ижобий таркибий ўзгартиришлар ва иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари туфайли аҳолининг реал даромадлари 11 фоизга ошди, 726 минг нафарга яқин аҳолининг, шу жумладан, 438,5 минг коллеж битирувчисининг бандлиги таъминланди. 

2016-йилда 2016-2020-йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури доирасида қарийб 14,6 минг янги сервис объекти ва 194 та янги турдаги маиший хизмат кўрсатиш комплекси фойдаланишга топширилди. Мобил алоқанинг 1632 та янги база станцияси, ҳудудларда 63 та янги йўловчи транспорт йўналишлари ва 54 янги мехмонхоналар фойдаланишга топширилди. 

2013-2020-йилларда телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг амалга оширилиши доирасида 2016-йилда замонавий технологиялардан фойдаланиш имконини берувчи 2300 километрдан зиёд кенг полосали оптик-толали тармоқлар барпо этилди ва захирага олинди. 

Ягона портал орқали 929 мингдан зиёд хизматлар кўрсатилди ва ўсиш олдинги йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробарни ташкил қилди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида она ва боланинг саломатлигини муҳофаза қилишни кучайтириш, соғлом ва ҳар томонлама ривожланган авлодни шакллантириш бўйича кенг чора-тадбирлар комплекси амалга оширилиб, уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 8 триллион сўм ва 212 миллион доллар маблағ йўналтирилди.