Бугун Англия миллий терма жамоаси, «Челси» ва «Манчестер Сити» клублари собиқ футболчиси Фрэнк Лэмпард футболчилик фаолиятини якунлади. У Инстаграмдаги саҳифаси орқали футбол билан хайрлашган.

"Ақл бовар қилмас 21 йил ортда қолди. Бугун мен футболчилик фаолиятимни якунлаш учун қулай фурсат келганини ҳис қилдим. Фаолиятимни Англия ёки хорижда давом эттириш йўлида қатор илиқ таклифлар олдим. Бироқ ўйлашимча, 38 ёш - янги ҳаётга кириб келиш учун яхши лаҳза.

Шу вақтга қадар қўлга киритган ютуқларим билан фахрланаман. Англия миллий терма жамоасида юздан ортиқ ўйин ўтказдим, фаолиятим давомида 300дан зиёд гол урдим.

Энди эса кўплаб одамларга миннатдорчилик билдиришим керак. Тинимсиз меҳнат қилишга, ишга садоқат ва профессионализмга ўргатган ота-онамга раҳмат! Улар ёрдамида мен ҳамма мушкулотларни босиб ўтдим. Оиламдан умрбод розиман, аёлим Кристин, қизларим Луна ва Айладан ҳам.

Шунингдек, дўстларимга ва мен билан бир жамоа бўлган барчага миннатдорчилик изҳор қиламан. Бу мен билан ишлаган ҳаммага — ажойиб ҳамкасбларга, мураббийларга, клуб ходимларига тааллуқли.

Мен тўп сурган клубларимни унутмайман. Биринчи навбатда 1996 йил дебют қилганим «Вест Ҳэм»ни ёдга оламан. Мана шундай ёш вақтимда менга ишонч билдирганлари учун ҳам раҳмат. Охирги клубларим эса «Манчестер Сити» ва «Нью-Йорк сити». Улар сабаб фаолиятимнинг сўнгги йилларидан ўзгача завқ олдим.

Қалбимнинг энг катта қисмидан эса албатта «Челси» жой эгаллайди. Бу клуб менга бир қатор унутилмас лаҳзаларни тақдим этди. Мен биргаликда эришган муваффақиятларимизни ҳеч қачон эсдан чиқармайман. 13 йил давомида менга ёрдам берган ва елкама-елка турган ҳаммага бирма-бир миннатдорчилик билдиришнинг имкони йўқ, бироқ мен улардан бир умрга розиман. «Челси» мухлислари эса алоҳида олам, улар бизни жуда ажойиб қўллай олишганди.

Келажакка қараб айтишим мумкинки, Англия футбол ассоциациясидан миннатдорман. Улар менга мураббийлик курсларида ўқишим учун имкон яратиб беришди. Мен олдинда кутиб турган имкониятларимдан баҳра ола бошладим".

Фаолиятининг катта қисмини, 2001 йилдан 2014 йилгача «Челси» сафида ўтказган Лэмпард лондонликлар жамоаси сафида 626 учрашувда майдонга тушиб, 208 гол урди ва 150 марта жамоадошларини голли узатма билан таъминлади. У Лондон жамоаси билан Англия чемпионатида 3 марта,  Англия Кубогида 4 марта, Англия лигаси кубогида ва Англия Суперкубогида 2 мартадан ғолиб бўлган. У шунингдек, Чемпионлар лигаси ва Европа Лигасида бир мартадан зафар қучган.