Япониянинг Ядро иншоотларини демонтаж қилиш тадқиқот институти янги радиобошқарилувчи роботни тақдим қилди. У шу йилнинг март ойида "Фукусима-1" АЭСнинг биринчи реакторига юборилади. Робот бу ерда разведка ишларини олиб боради.

Робот 70 сантиметрли чўзиқ шаклли бўлиб, иккита қисқич ва камерага эга ҳамда масофадан бошқарилади. Дастлаб, АЭС оператор компанияси Tokyo Electric Power (TEPCO) шу каби роботларни биринчи ва иккинчи реакторларга юборишни режалаштирган эди. Бироқ, яқинда иккинчи реактор ичида аниқланган юқори радиация даражаси бу режаларга бироз ўзгартириш киритишга сабаб бўлди. Иккинчи реактордаги соатига 530 зиверт миқдоридаги нурланиш шароитида робот атиги икки соат ишлай олиши мумкин. 

TEPCO компаниясига кўра, оддий инсон соғлиғига зиён етказмайдиган меъёрдаги нурланиш йилига 0,0024 зивертни ташкил этиши мумкинлиги, 20 зивертлик нурланишга чалинган инсон шу вақтнинг ўзида ҳаётдан кўз юмиши эътиборга олинса, иккинчи реактор ичидаги нурланиш жуда хавфли эканини тушуниш қийин эмас. 

2011 йил мартида Японияда юз берган даҳшатли зилзила ва цунами оқибатида "Фукусима-1" АЭСида техноген ҳалокат юз берган эди. Станциянинг электр таъминоти ва совутиш тизими ишдан чиққанлиги сабабли учта энергоблокда радиоактив металл эриб кетди ва реакторларнинг ҳимоя қобиғини куйдириб ташлади. Бир вақтнинг ўзида водород портлаши ва катта миқдорда радиоактив моддалар чиқиши сабабли АЭС атрофи зарарланди.