Филиппин президенти Родриго Дутерте мамлакатдаги коммунистларга қарши уруш эълон қилди, деб хабар қилмоқда Reuters.

«Мен сўнгги 48 соат мобайнида кўплаб аскарларимдан айрилдим, — деган Филиппин етакчиси. — Ўйлайманки, сулҳни давом эттириш самара бермайди. Мен аскарлардан шуни илтимос қиламан: лагерларга қайтинг, қуролларни тозаланг ва жангга шай туринг. Мен ростдан ҳам афсусдаман. Имконим борича барчасини ҳал қилмоқчи бўлдим, аммо бу етарли бўлмади. Коммунистик партия билан тинчлик бўлмайди. Келинг урушни қайта бошлаймиз. Бу сўзларни айтишдан афсусдаман, аммо, келгуси авлод дунёни коммунистлар билан бирга кўрмайди».

Мамлакатда яширин тарзда фаолият юритувчи коммунистик Янги халқ армияси жангарилари томонидан ўт очишни тўхтатиш тартиби бир неча маротаба бузилиши Дутертенинг норозиликларига сабаб бўлган. Сулҳ 10 февралгача давом этиши керак эди. Охирги икки кун мобайнида партизанлар билан юз берган тўқнашувларда ҳукумат армияси 7 аскаридан айрилган, яна 3 ҳарбий хизматчи асирга тушган. Коммунистлар ўз навбатида, армияни сулҳдан фойдаланган ҳолда уларга тегишли ҳудудларни эгаллаб олишга уринганликда айбламоқда ҳамда можарони тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлашмоқда. 

ЯХА қарийб ярим асрдан буён Филиппин ҳукуматига қарши қуролли кураш олиб боради. Партизанлар мамлакат шарқи ва жанубидаги ҳудудларни назорат қилади. Ушбу қарама-қаршилик салкам 40 минг кишининг ёстиғини қуритган. ЯХА етакчиси Хосе Мария Сисон Родриго Дутертенинг лицейдаги ўқитувчиси бўлган.