Никоҳ ва оилага муносабат деганда динимизнинг оилага эътибори ва жамиятда оиланинг ўрни назарда тутилади. Ислом дини оила шаънини қанчалик ҳимоя қилишини, оила Қуръони каримда ҳам бош мавзулардан эканини англаш учун Нисо сурасидан икки оят ва уларнинг тафсири билан танишиш кифоядир.

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى  النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى  بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ  حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللَّهُ وَالَّلاتِي تَخَافُونَ  نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي  الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ  أَطَعْنَكُمْ فَلاَ تَبْغُواْ عَلَيْهِنَّ سَبِيلاً إِنَّ  اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا

«Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари  (эркаклар) ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало, уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ  олий ва улуғ зотдир» (34-оят).

وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُواْ  حَكَمًا مِّنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِّنْ  أَهْلِهَا إِن يُرِيدَا إِصْلاحًا  يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا إِنَّ اللَّهَ كَانَ  عَلِيمًا خَبِيرًا

«Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборинг. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир» (35-оят).

Энди оятларни батафсил таҳлил қилиб кўрайлик. Ҳа, жамият хайр-барака ила ривож топиб бориши учун унда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ҳукм суриши, раҳбар бўлиши лозим. Ислом таълимотига кўра, оила жамиятнинг асосидир. Шундай экан, оиланинг ҳам раҳбари бўлиши керак. Ана шу раҳбарлик эркакка берилди. Нима учун?

“Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан  (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир”.

Демак, эркак киши оилага раҳбар қилинганининг иккита сабаби бор.

Биринчиси, Аллоҳ таоло эркакни аёлдан афзал қилиб яратганидир. Дарҳақиқат, эркак киши жисмонан ҳам, ички ва ташки қиёфаси, иродасининг мустаҳкамлиги, руҳий-нафсоний ва бошқа тарафлардан ҳам оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратилган.

Иккинчи сабаб оила қуриш ва бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак киши зиммасида эканидир. Бундай раҳбарлик улкан масъулиятдир. Ушбу масъулият эркак киши зиммасига оилага, жумладан, аёлга ҳомийлик қилиш, уни боқиш, муҳофаза қилиш вазифаларини юклайди.

Оятнинг мазмуни шуни кўрсатяптики, агар ушбу раҳбарликка эркаклар танланишидаги сабаблар бузилса, раҳбарлик уларнинг қўлидан кетади. Масалан, оила нафақаси эркак зиммасида эди, лекин эркак ҳеч бир сабабсиз уйда ўтириб, ўрнига аёлини ишлашга мажбур қилса, бечора хотин оиласини боқаман деб, бола-чақамни едириб-ичираман, эримга қарайман деб, бозорма-бозор, юртма-юрт сарсон-саргардон кезса, албатта, бундай оиладаги раҳбарлик ўз-ўзидан ўша аёл қўлига ўтган бўлади. Чунки молиявий бошқарув кимнинг қўлида бўлса, ҳал қилувчи қарор эгаси ҳам ўша бўлади. Бу, аввало, эркакни оила раҳбарлигига мос қилиб яратган Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш ўлароқ, жамият низомининг  бузилишига ҳам олиб келади. Инсоф билан ўйлаб кўрайлик, бугун тўйгача, тўй ва ундан кейинги кўпгина сарф-харажатлар асосан, қиз томондан қилинмаяптими? Худди мана шу нарса турмушнинг илк кунлариданоқ бу эр тилини қисиқ қилиб, оиладаги раҳбарлик ва масъулият келин қўлига ўтиб кетишига сабаб бўлмаяптимикан?!

(Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир”.

Биз “итоаткор” деб таржима қилаётган сўз ояти каримада “қонитатун” лафзи ила келган, аслида кундалик араб тили муомаласида итоаткорлик сўзи бошқа феъллар воситасида ифода қилинади. Бу сўз эса, ўз иродаси, ихтиёри ва муҳаббатига кўра итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг биринчи сифати итоаткорликдир. Бу итоаткорликлари қўрқишдан, мажбурлашдан эмас, балки ўз масъулиятларини тушунганларидан келиб чиққан ихтиёрий муносабатдир.

Мўмина, солиҳа аёлларнинг хислатларидан яна бири шундаки, улар эрлари ёнларида турган пайтлардагина эмас, балки бирор сабаб билан оиладан узоқда бўлган чоғларида ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва обрў-эътиборларини муҳофаза қиладилар. Бундай муҳофаза уларнинг ўз фикрларига ёхуд эрларининг талабига биноан эмас, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг амрига кўра бўлади.

Имом ибн Жарир Тобарий ва Ибн Аби Ҳотимлар Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Набий (алайҳиссалом): «Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладигани, амр қилсанг, итоат этадигани ва уйда бўлмасанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир», деганлар.

Лекин ҳамма аёллар ҳам солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Баъзилари ўз ҳадларини унутган ҳолда, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Бундай ҳолларда уларга олдин насиҳат қилинади. Бу фойда бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Лекин ҳаракатлар самарасиз бўлса, хотиннинг итоатсизлиги давом этаверса, бошқа чоралар кўрилади. Ҳижрон – тўшакда бирга ётмаслик, гаплашмаслик ана шундай чоралардандир. Албатта, ҳижрон, яъни хонанинг ўзида тўшакни бошқа қилиш ҳассос услуб бўлиб, аёл кишига ваъз-насиҳатдан ҳам кучлироқ таъсир қилади. Гаплашмаслик эса уч кундан ортиқ давом этмаслиги керак. Эрларининг эътиборсизлиги, гаплашмай қўйгани ҳали инсофини йўқотиб улгурмаган аёлларни “кўзларини кат­тароқ очишга” мажбур этади.

“Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқса­нгиз, аввало уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада)уринг”.

Уриш деганда, албатта, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини майиб қилиш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмайди. Уламоларимиз бу ердаги “уриш”ни “мисвок ёки бирон бармоқ ила туртиш”, деб тушунтирганлар.

Муовия ибн Ҳайра Қушайрий (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?” деб сўраганида, Набий (алайҳис­салом): “Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма”, деганлар.

Кўриниб турибдики, ояти каримадаги “уриш”га берилган изн фақат пўписа учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир. Аввало, бу оятдаги “уриш” фарз ҳам эмас, вожиб ҳам, суннат ҳам, муста­ҳаб ҳам эмас. Бу “уриш” дўқ-пўписа, норозиликни билдириш, холос. Амалда эса деярли қўлланилмайди. Кўпчилик уламолар: “Берилган ушбу изндан фойдалангандан кўра фойдаланмаган яхшироқ”, деганлар. Бунинг устига, кўплаб ҳадисларда эрларга аёлларни урмаслик таъкид билан тайинланган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ  زَمْعَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ  ﷺ قَالَ: لاَ يَجْلِدُ أَحَدُكُمُ امْرَأَتَهُ جَلْدَ الْعَبْدِ  ثُمَّ يُجَامِعُهَا فِي  آخِرِ الْيَوْمِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ  وَالتِّرْمِذِيُّ

Абдуллоҳ ибн Замъадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирортангиз ўз аёлини қулни калтаклагандек калтакламасин. Кейин, куннинг охирида яқинлик қилгиси келиб қолиши ҳам бор”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Термизий).

Ушбу ҳадиси шариф юқорида ўрганган оятимиздаги “уриш”дан мурод қаттиқ уриш эмаслигига яққол далилдир. Агар оятда қаттиқ уриш қасд қилинганида, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай демаган бўлардилар. Хотин қул эмаски, уни хоҳлаган вақтда калтаклаб, хоҳлаган вақтда яна ишлатаверилса. Ҳатто қулни ҳам калтаклаш яхши эмас. Хотинга қўл кўтаришдан олдин уни қўйнида олиб ётишни ҳам, кўзи-кўзига тушишини ҳам бир ўйлаб қўйиш лозим бўлади. Уламоларимиз “хотинни қаттиқ калтаклаш ҳаромдир”, деган ҳукмни мана шу ҳадисдан олганлар.

Аёл киши табиатан таъсирчан, шошқалоқ ва тез аччиқланувчи бўлади. Сал нарсага эрига нисбатан итоатсизлик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, унга қарши чора кўришга зарурат қолмайди.

“Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг”.

Бу оилани мустаҳкамлаш учун зарурдир. Чунки бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик келтиради.

Ким бу кўрсатмаларга юрмаса,  ўзидан кўрсин. Чунки “Албатта, Аллоҳ  олий ва улуғ зотдир”.

Баъзида бу чораларни қўллаш ҳам наф бермаслиги мумкин. Агар келишмовчилик ҳам эр, ҳам хотин томонидан юз берса, энди уни оила сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи қолмаган бўлади. Бундай ҳолатда бошқалар аралашиб бўлса ҳам, оилани сақлаб қолишга уриниб кўриш зарурдир.

“Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборинг. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай”.

Албатта, ҳакам уларнинг ўзларидан, яъни эр-хотин рози бўладиган қариндошлардан ёки бегоналардан тайинланади. «Рози бўладиган» деб шарт қўйилаётгани ҳакамлар чиқарган ҳукм ҳар икки томонга мақбул бўлиши учундир. Шу боис ҳакамлар ақлли, тажрибали, турмушнинг паст-баландидан хабардор, Аллоҳдан қўрқадиган, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қиладиган кишилар бўлишлари керак. Уларнинг асосий вазифаси эр-хотин орасини ўнглашдан иборат. Шунинг учун ҳам ояти каримада:

“Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай”, деб, ҳакамларга яраштирувчилик нисбати берилмоқда.

Баъзи уламолар худди шу тушунчадан келиб чи­қиб: «Уларга фақат яраштириш, ислоҳ қилиш ҳуқуқи берилган», дейдилар. Бошқалари эса: “Ҳолатни ўргангач, ислоҳнинг иложи бўлмаса, эр-хотинни ажратиб қўйишга ҳақлари бор, шунингдек, тегишли жазо чораларини, мол-мулкка доир масалаларни ҳам ҳал этишлари мумкин”, дейишади.

Ҳазрат Усмон Зиннурайн (розияллоҳу анҳу) халифалик йилларида худди шу ояти каримага амал қилиб иш юритгани тафсир китобларида нақл қилинган. 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби