Кун давомида ҳар бир киши турли хил, ёқимли ва салбий воқеа-ҳодисаларга дуч келади. Инсонларнинг аксарияти эса, айнан кайфиятни бузган ҳолатларни ёдда сақлайди, унутиши қийин бўлади. Айнан уларни муҳокама қилади, дўстлари ёки оиласига сўзлаб беради. Бу жараён шунчалик ҳаёт тарзимизга сингиб кетганки, баъзан, бу ҳақда фикр юритиш фойдалидек туюлади. 

АҚШнинг Флорида университети Уоррингтон бизнес коллежи бошқаруви профессори Жойс Боно ҳамда Миннесота университетидаги Карлсон менежмент коллежи профессори Тереза Гломб бу борада бошқача фикрда. 

Ушбу олимлар ўтказган тадқиқот натижаси аксаримиз келган хулосанинг аксини кўрсатмоқда. Яъни, ишда ёки кун мобайнида рўй берган ёмон эмас, балки яхши воқеа-ҳодисаларни доимий равишда ёдга олиб юриш инсон саломатлигига фойда беради. Шу боисдан, хотирангизда салбий ҳолатларни ўйлаб юравермасдан, хаёлан бўлса-да, наздингизда арзимас туюлган кичик хурсандчилик ва кўнгилхушликларни сўзлаб юришга, муҳокама қилишга одатланиш фойдадан холи эмас. 

Олимлар шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида махсус тадқиқот ўтказишди. Кўнгиллилардан кунига ишдан сўнг, тадқиқот сайтига кириб, махсус сўровномани тўлдириш сўралган. Улар 3 ҳафта мобайнида кунига 5-10 дақиқа саволларга жавоб бериш билан иш кунида юз берган 3та ёқимли воқеани ёдга олишган ва нима учун у яхши таассурот қолдирганини изоҳлашган. 

Тадқиқотлар якунланганидан сўнг, руҳий ва жисмоний чарчоқдан нолиш ва асаббузарлик даражаси кўп бўлмаса-да, сезиларли камайгани қайд этилган. Бундан ташқари, иштирокчилар ёқимли ҳодисаларга эътиборини қаратишганида, уйга келганларида иш билан боғлиқ жараёнларни тезроқ унутишган. 

Шу билан бирга, ушбу тажриба инсонлар ўртасидаги ўзаро ижобий алоқаларни кучайтиради, меҳнат самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Ходимнинг турли ижобий қобилиятлари юзага чиқишига кўмак беради. Хурсандчилик ва ўз-ўзидан қониқиш ҳисси ижодий ёндашув ва кашфиётчилик иқтидорини кучайтиради. 

Тўғри, инсонлар ишда юз берган кўнгилсизликларни айтмасдан тура олишмайди. Бу табиий ҳол. Бироқ қайсидир маънода мувозанатни сақлаш учун ижобий ҳодисаларни мажбурий равишда хотирлаш яхшироқдир. Масалан, йиғилиш ва мажлисларда сўзни танқиддан эмас, сўнгги вақтда жамоа эришган яхши натижаларни қайд этишдан бошлаш мақсадга мувофиқдир. 

Аммо, бу усулнинг энг фойдали жиҳати, кун ниҳоясида бугун сизни кулишга, хурсанд бўлишга мажбур қилган воқеаларни бир бор хотирлаш билан уларнинг табиий қувватидан яна баҳра оласиз. Шундай экан, иш сўнггида ҳар доим яхши нарсалар ҳақида ўйлашга ҳаракат қилинг!