Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси бугун беш нафар футболчи билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар тарқатди.

Манбага кўра, Ойбек Қиличев, Мансур Саидов ва Асилбек Омоновлар жамоага янги футболчи сифатида келиб қўшилган. Улар билан қанча муддатга шартнома имзолангани борасида аниқ маълумотлар йўқ.

Шунингдек, ўтган мавсумда «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилган ҳимоячи Тоҳир Шамситдинов ва яримҳимоячи Аъзам Алиев билан амалдаги шартнома муддати узайтирилди.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар жамоа Жаҳонгир Меҳмонов, Ғиёс Комилов, Мирзоҳид Ғофуров, Рўзимбой Аҳмедов, Неманья Йованович ва Алишер Саматов билан шартнома имзолаганди. Бундан ташқари жамоа сардори Дилшод Жабборов ва яримҳимоячи Азизбек Турғунбоев билан амалдаги шартнома муддати узайтирилганди.