Немис велопойгачиси Марсель Киттель "Дубай тури" кўп кунлик велопойгасида унинг юзига тарсаки туширган украиналик велопойгачи Андрей Гривкони қилмиши учун кечирмоқчи эмас. Бу ҳақда спортчининг ўзи твиттерда ёзди.

"Мен узрларни қабул қилмайман. Бу велопойгалар билан ҳеч қандай умумий жиҳатга эга эмас. Гривко қилган иш – бизнинг ажойиб спорт туримизга исноддир", деб ёзган немис спортчиси.

Воқеа велопойганинг 3-босқичида юз берган. Украиналик немиснинг ёнидан ўтаётиб, унинг юзига мушт тушириб, юзини қонатиб юборган. Шундан кейин Гривко мусобақалардан четлатилган. Киттелнинг ўзи эса ўз дилозорини ярим йилга четлатишни талаб қилган. 

Марсель Киттель "Дубай тури"да етакчилик қилмоқда. 31 январда бошланган велопойга 4 февралда якун топади. Немис ҳозирда ўтган 3 та босқичдан иккитасида ғолиб бўлган.