Пентагон раҳбари Жеймс Мэттис ўзининг илк хорижий сафари чоғида Шимолий Кореяни кескин огоҳлантирувчи баёнот берди. Унинг айтишича, КХДРнинг эҳтимолий агрессиясига жавоб зарбаси «вайрон қилувчи ва жиддий» бўлади. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар қилмоқда.

Америка мудофаа вазири сўзларига кўра, АҚШ ўз иттифоқчиларини ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларини аниқ бажаради. Мэттис Сеулдаги брифингда маълум қилишича, агар Пхеньян АҚШ ёки иттифоқчиларига қарши ядро қуролидан фойдаланишга қарор қилса, Америка жавоби шундай бўлиши аниқ. 

АҚШ мудофаа вазирининг ёдга олишича, Шимолий Корея «ракеталар учириш» ва ядро дастурини ривожлантиришни давом эттирмоқда. Расмий Пхеньяннинг бундай фаолияти ва баёнотлари АҚШ ва унинг минтақадаги иттифоқчиларига хавф солмоқда. 

Мэттиснинг қўшимча қилишича, у жанубий кореялик ҳамкасблари билан ярим оролда Американинг THAAD ракеталарга қарши мудофаа тизимларини жойлаштириш жадвалини муҳокама қилган.

АҚШнинг янги мудофаа вазири Жанубий Кореядан сўнг, Японияга ташриф буюради.