Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 2017 йил февралда "Чеченавто" заводида серияли тарзда ишлаб чиқарилувчи енгил вездеходларга ном топиш илтимосини билдирди. У шу муносабат билан Instagram’даги аккаунти обуначилари ўртасида танлов эълон қилди. Бу танлов февраль охиригача давом этади.

Танловда "Чеченавто" ва Махсус вазифаларни бажарувчи кучлар ўқув маркази билан биргаликда яратилган бир неча турдаги багги (вездеход) учун номлар бирданига қабул қилинади. Бу баггилар тактик уч ўриндиқли, спорт модел ва 6 ўриндиқли модел кўринишида яратилган. Баггининг "стандарт" модификацияси шахсий таркиб ва юкларни ўтиш қийин бўлган жойларга етказиш учун мўлжалланган. 

Баггининг 6 ўриндиқли версияси узунлиги 4 метрни ташкил қилади, оғирлиги эса 1,5 тоннага етади. Модел одамлардан ташқари, 800 кг гача юк таший олади, унинг максимал тезлиги соатига 130 км дан ошади. Тахмин қилинишича, унда қурол сифатида "Корд" ва "Печенег" пулемётлари ҳамда автоматик гранатомёт АГС ишлатилади.

Қодировнинг айтишича, танланадиган номлар вездеходнинг характеристикаси ва унинг Россияда ишлаб чиқарилганини акс эттириши керак. Чеченистон раҳбари ғолибни шахсан ўзи тақдирлашга ваъда берди. Ғолиб уч ўриндиқли баггини биринчи бўлиб синаб кўриш ва ўқув марказининг инструкторлари билан экстремал автотайёргарлик курсларидан ўтиш имкониятига эга бўлади.