Россиялик таниқли кино ва театр актёри, кинорежиссёр, “Бригада”, “Жмурки”, “Остров” каби ўнлаб фильмларда бош қаҳрамон образини яратган Дмитрий Дюжев бугун Тошкент шаҳрига етиб келди.

Дюжев 2016 йилнинг декабрь ойида юртимизда ўтказилган “PROlogue” – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар фестивалида иштирок этиб, совриндор бўлган, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси Муҳлиса Азизованинг ишчи номи “У” (Она) номли янги қисқа метражли бадиий фильмида суратга тушади. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг “Фейсбук”даги расмий саҳифасида маълумот қолдирилган.

Шунингдек, бу фильмда Раъно Шодиева ва Карим Мирҳодиевнинг ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

“HD CINEMA” кинокомпанияси ушбу фильмни суратга олиш учун “Ўзбекфильм” киностудияси павильонида махсус декорация барпо қилган. Таниқли ва ёш киноижодкорлардан иборат ижодий гуруҳ шакллантирилган.

Асар бугунги кун кишиларининг маънавий олами, ҳаётий мақсадлари ҳамда муаммоларини илгари суради. Воқеа марказида севимли аёлининг вафотидек оғир фожиани бошдан кечирган инсон тарихи гавдаланади. Ўтмиш хотиралари, ҳаётидаги қалб жароҳатлари уни сўнгги имкон сари бошлайди.

Фильмни суратга олиш ишлари 4-5 февраль кунлари бўлиб ўтади.