Шавкат Мирзиёев маҳалла институтини такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади

Ўзбекистон 03 Февраль 2017 30883

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида: 

1. Қуйидагилар маҳалла институтини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин: 

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш; 

жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш; 

ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш; 

жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш; 

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, маҳалла тизимида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш. 

2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва фуқаролар йиғинларининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин: 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига (кейинги ўринларда Республика кенгаши деб аталади) юридик шахс мақомини берган ҳолда уни фуқаролар йиғинларининг уюшмаси шаклида ташкил этиш; 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларни (кейинги ўринларда ҳудудий кенгашлар деб аталади) Республика кенгашининг таркибий тузилмалари сифатида ташкил этиш; 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига тегишинча Республика кенгаши, ҳудудий кенгашларга жамоатчилик асосида раислик қилиш вазифасини юклаш; 

Республика кенгаши ва ҳудудий кенгашлар раисларининг биринчи ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг (кейинги ўринларда “Маҳалла” фонди деб аталади) тегишинча республика бошқаруви, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туманлар ва шаҳарлар бўлинмаларига раислик қилишлари; 

Республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича раис ўринбосари, шунингдек Республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимларини жорий этиш; 

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимини киритиш. 

3. Қуйидагилар: 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ; 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ижро аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ; 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар ижро аппаратларининг намунавий тузилмалари 3 ва 4-иловаларга мувофиқ; 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар ижро аппаратлари ходимларининг чекланган сонига нисбатан тоифаланган ҳудудлар, туманлар ва шаҳарлар рўйхатлари 5 ва 6-иловаларга мувофиқ маъқуллансин. 

4. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари зиммасига юклансин. 

5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари, Республика кенгаши, “Маҳалла” фонди ва маҳаллалар фаолларининг таркибида маҳаллалар тузилган шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳалла фуқаролар йиғинларига бирлаштириш ва бўлиш йўли билан қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

6. Белгилаб қўйилсинки: 

“Маҳалла” фонди ва фуқаролар йиғинларининг таклифига биноан Республика кенгаши, ҳудудий кенгашлар ижро аппаратлари “Маҳалла” фондининг тегишинча республика бошқаруви, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туманлар ва шаҳарлар бўлинмалари, шунингдек шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларининг қайта ташкил этилиши муносабати билан бўшайдиган штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади; 

Республика кенгаши, ҳудудий кенгашлар ижро аппаратларининг штатдаги ходимларини таъминлаш ва моддий рағбатлантириш “Маҳалла” фонди ҳисобидан амалга оширилади, ушбу мақсадларга йўналтириладиган маблағларнинг етмаган қисми эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қопланади; 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматчиларининг меҳнатини рағбатлантириш тўғрисида”ги 1997 йил 13 майдаги ПФ-1778-сонли Фармонининг меҳнат ҳақи бўйича Ягона тариф сеткаси разрядларига мувофиқ рағбатлантириш коэффициенти сифатида маошларга 20 фоизли устама ҳақ ўрнатилишини назарда тутадиган 1-бандининг амал қилиши Республика кенгаши, ҳудудий кенгашлар ижро аппаратлари ходимларига нисбатан қўлланилади; 

Республика кенгаши, ҳудудий кенгашлар раисларининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари лавозимларида ишловчи пенсионерларга пенсияларни тўла миқдорда тўлаш, бунда пенсияларни тўлаш билан боғлиқ харажатларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобидан қоплаш тартиби жорий этилади; 

Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари мақоми, маиший таъминоти, тиббий ва транспорт хизматидан фойдаланиш борасидаги шарт-шароитларига кўра – вазирга, Республика кенгаши раисининг ўринбосари – вазир ўринбосарига тенглаштирилади. 

7. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тегишли вазифаларни амалга оширишда муносиб ҳисса қўшган ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларига тақдим этиладиган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилсин. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. 

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Республика кенгаши, “Маҳалла” фонди: 

2018 йилнинг 1 декабригача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар марказларида “Маҳалла маркази” мажмуалари биноларини, 2021 йилнинг 1 декабригача фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), шунингдек уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет тармоқлари билан жиҳозлаш; 

“Маҳалла маркази” мажмуаларида ҳудудий кенгашлар ҳамда “Маҳалла” фондининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туманлар ва шаҳарлар бўлинмаларини жойлаштириш чораларини кўрсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Маҳалла” фонди, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси У.С.Исмоилов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи О.Б.Муродов зиммасига юклансин.

 

Кўпроқ янгиликлар