Калифорния штатининг собиқ губернатори, Ҳолливуд актёри Арнольд Шварценеггер АҚШ президенти Дональд Трампдан ўзининг Оқ уйдаги жойини бўшатиб беришни сўради. Бу ҳақда актёр президент унинг иштирокидаги The Celebrity Apprentice («Машҳур шахснинг шогирди») шоусининг рейтинги пастлигида айблагач, твиттерида видеомурожаат орқали айтган.

«Эй Дональд, менда ажойиб ғоя бор. Жойларимизни алмашмаймизми? Модомики сен юқори рейтинглар бўйича мутахассис экансан, телевидениега қайт. Мен эса одамлар яна тинч ухлаши учун ўз ишимни қила бошлайман», деган собиқ губернатор.

2 февраль куни АҚШ президенти Трамп Миллий ибодат нонуштасида меҳмонларни телевидениеда рейтинги тушиб бораётган Шварценеггер учун ибодат қилишга чақирган.

«Биз барчаси қандай бўлаётганини кўриб турибмиз: рейтинг плинтусгача шўнғимоқда. Бу фалокат. Арнольд учун дуо қилайлик, биз унинг рейтинги кўтарилишида ёрдам берайлик, окей?», деганди Трамп.

Ундан олдин ҳам Трамп Шварценеггерни телешоусининг рейтинги пастлиги учун мазах қилганди.

«Рейтинглар эълон қилинди, Арнольд Шварценеггер рейтинглар устаси Дональд Жон Трамп билан қиёслаганда жиддий талафот кўрди», — деб ёзганди давлат раҳбари.

Шоуга илгари, 2008 йилдан буён Трампнинг ўзи бошловчилик қилар эди, аммо 2015 йилги сайловолди кампаниясидаги провокацион чиқишлари боис у шоудан ҳайдалди. Шу ойда шоу қайтадан бошланди, энди унга Шварценеггер бошловчилик қилмоқда.

Рақамлар президентнинг гаплари тўғрилигини кўрсатмоқда: 2004 йилнинг январида шоу эпизодларидан бирини 18,5 миллион киши томоша қилган, Шварценеггернинг шу йил январидаги дебюти эса 4 миллионга яқин телетомошабинни ўзига жалб эта олди.