Британиялик олимларнинг тадқиқотларига кўра, мактаб ўқувчилари уй шиппагида бирмунча хотиржам бўлишади ва диққатини кўпроқ ўқув жараёнига қаратишади. 

Буюк Британиянинг Дерби бошланғич мактаби ўқувчилари дарсда уй шиппагида ўтиришади. Педагоглардан бири худди шундай пойабзалда ўтирган ўқувчилар яхшироқ ўзлаштириши ва юқори баҳолар олиши хусусида тадқиқотдан хабар топгач, шиппак мактабда жорий қилинди. Бу ҳақда The Guardian нашри ёзмоқда. 

Дерби шаҳридаги Findern primary school ўқувчилари тажриба сифатида машғулотларда уй шиппагида қатнашишади. Бу ғояни Борнмут университети олимлари ўтказган тадқиқот натижасини ўрганган педагог таклиф қилган. 

Эҳтимол, Findern primary school бошланғич таълим муассасасида ушбу норасмий оёқ кийими доимий асосда жорий этилар, чунки кўплаб ўқитувчилар янгиликнинг фойдали жиҳатларини сеза бошлаган.

“Биз болаларнинг анча хотиржам, тинч бўлиб қолганини сездик. Бу уларга ёқмоқда. Бундан ташқари, йўлакларда ҳам шовқин кам. Ҳатто, ходимларнинг ўзлари ҳам машғулотларда шиппакда юришмоқда”, — дея ҳикоя қилган мактаб директори ўринбосари Мишель Холл.

Бошланғич мактабда шиппакда юришни жорий қилишга асос бўлган тадқиқот Борнмут университети олимлари томонидан дунёнинг 25 мамлакатидаги мактаб ўқувчилари орасида ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, уй пойабзалидаги болалар ўқув машғулотларига кўпроқ эътибор қаратишади ва яхши баҳолар олишади. Бундан ташқари, тадқиқот муаллифларига кўра, бу яна полларни таъмирлаш учун харажатларни қисқартириш имконини ҳам беради.