Мирзо Улуғбек туманида Тошкент Архитектура-қурилиш институти учун янги бино қурилмоқда. Бу ҳақда ТАҚИ ректоратига асосланган ҳолда nuz.uz хабар берган.

Манбанинг ёзишича, бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 24 январдаги қарорида келтирилганди. Қурилиш ишлари Қорасув-4 массиви ҳудудида бошлаб юборилган.

Ҳозирча олий таълим муассасасининг бир қисми Навоий кўчасидаги эски бинода (13-уй, Алишер Навоий номли санъат саройи ва Пахтакор стадиони яқинида - таҳр.), яна бир қисми эса Тошкент молия институти биноларидан бирида жойлашади. Молия институти ректоратидаги манбадан аниқлик киритилишича, Кичик ҳалқа йўли ва Шароф Рашидов шоҳкўчаси кесишмаларидаги бинолар архитектура-қурилиш институтининг 2 факультети вақтинча жойлаштирилиши учун бўшатиб берилган.

ТАҚИ институт янги бинога 1,5 йил ичида кўчиб ўтиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Тошкент архитектура-қурилиш институти 1991 йилнинг 6 майида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов фармони асосида ташкил этилган. ОТМда«Архитектура», «Муҳандислик қурилиш инфраструктураси», «Бино ва иншоотлар қурилиши», «Қурилишни бошқариш» факультетлари, шунингдек академик лицей, малака ошириш маркази ва соҳа бўйича менежерларни қайта тайёрлаш ҳамда халқаро муносабатлар бўлими мавжуд.

Институтда жами 13та бакалавриат йўналиши ва 19та магистратура мутахассисликлари бўйича 3800 нафардан ортиқ талаба таҳсил олади.