Бугун Тошкент шаҳрида кун бўйи ёққан қор пойтахт ҳайдовчилари учун жиддий ноқулайликлар келтириб чиқарди. Бироқ қулаб тушган бир неча дарахт ҳам ўзига яраша жиддий ташвишга сабаб бўлди. Бундай ҳодисалар рўй берган жойлардан олинган фотосуратлар Facebook ва Telegram тармоғида тақдим этилди.

Тошкент шаҳридаги Корея элчихонаси ёнида катта дарахтнинг қулаши оқибатида бир неча автомобилга зарар етган. Маълумотларга кўра, бу пайт машина ичида ҳеч ким бўлмаган. Шунингдек, Фурқат номидаги боғ ёнида ва Абай кўчаси бўйлаб Қозоғистон элчихонасига етмай туриб дарахтлар йўлнинг қатнов қисмига қулаган. Бу ҳолатларда автомобилларга зарар етмаган, дарахтлар эса йўлнинг қатнов қисмини тўсиб қўйган, холос.

Маълумот учун, Республика Гидрометеорология маркази куни кеча ҳаво ҳароратининг пасайиши, ёғингарчилик ва шамолнинг кучайиши ҳақида хабар берганди.