Тошкентда нуфузли ACIBADEM (Туркия) халқаро клиникаси консультатив марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Эндиликда Ўзбекистон аҳолиси жаҳонга машҳур, етакчи экспертларнинг тиббий хизматларидан фойдаланиш ёки масофавий консультация олиш имконига эга бўлади. 

Очилиш маросимидан аввал ўтказилган матбуот анжуманида ACIBADEM клиникалар тармоғининг МДҲ мамлакатларида инвестиция ва бизнесни ривожлантириш бўйича бўлим раҳбари Мурат Пекмезўғли, Туркиянинг етакчи гематологи, мия суягини кўчириб ўтказиш бўйича мутахассис Эржумент Овали, профессор Сирет Ратип, ACIBADEM'нинг Ўзбекистондаги расмий вакили Искандар Шамсиев сўзга чиқди. Шунингдек, халқаро мутахассислар ва клиника вакиллари янги ахборот марказининг мақсад ва вазифалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди.

ОАВ ходимлари эса ташкилотчиларга тўғридан-тўғри саволлар беришди.

Мурат Пекмезўғли, ACIBADEM клиникалар тармоғининг МДҲ мамлакатларида инвестиция ва бизнесни ривожлантириш бўйича бўлим раҳбари:

"ACIBADEM'нинг янги консультация маркази Ўзбекистон ва Туркия шифокорлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда ва уни янада ривожлантиришда янги майдон бўлишига ишонамиз. Мана шундай профессионал даражадаги тажрибалар алмашинуви икки мамлакат тиббиётининг ривожига ўз хиссасини қўшади. Ўзбекистонда тиббиёт соҳасининг юқори кўрсаткичда эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Биз диагностика ва даволаш, турли операциялар ўтказиш, шунингдек, бошқа тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича ҳамкорликда ишлаш учун қўшимча шароитлар яратганимиздан жуда мамнунмиз. Ўзбекистонлик шифокорлар учун малака ошириш ва таълим дастурларини ташкил қилиш ва бу йўналишни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратишни мақсад қилганмиз".

Абдунўмон Сидиқов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Халқаро алоқалар бўлими раҳбари: 

"Ҳозирда соғлиқни сақлаш соҳасига инвестициялар киритиш, янги, замонавий тиббиёт ускуналари билан таъминлаш ҳамда юқори малакали хорижлик мутахассисларни жалб қилиш бўйича кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Хорижнинг кўплаб етакчи тиббиёт марказлари ҳамкорликда ишлаш ва Ўзбекистонда ўз филиалларини очиш истагини билдиришди. Шуни ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, малакали мутахассислардан иборат бўлган тиббиёт марказлари нафақат пойтахтда, балки республикамизнинг бошқа вилоятларида, жумладан, Хоразм, Нукусда ҳам очилиши режалаштирилган. Мазкур марказларнинг фаолият юритишидан кўзланган асосий мақсад - юртимиздаги тиббиёт соҳаси вакилларини кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, онкология, травмотология, педиатрия каби турли йўналишларда ўқитиш ва малакасини оширишдан иборат. 

Биз ACIBADEM халқаро клиникасининг консультатив маркази юртимизда ўз ишини бошлаганидан хурсандмиз. Марказнинг очилиши доирасида Туркиядан ташриф буюрган етакчи гематологлар томонидан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилади. Бу эса тиббиёт ходимларининг билим ва малакаларини оширишда ўз ҳиссасини қўшишига ишонаман".

ACIBADEM клиника тармоғининг беморларга хизмат кўрсатиш бўйича маркази Тошкентда 4 йилдан бери муваффақиятли ишлаб келмоқда. Марказ ходимлари юзлаб инсонларга ахборот  етказиш ва даволанишни ташкиллаштириш бўйича ўз ёрдамларини бериб келмоқда. Бугун ушбу консультация идорасининг очилиши ҳам Ўзбекистон аҳолисига хорижга чиқмай туриб,  ACIBADEM'да фаолият олиб борувчи малакали шифокорлардан масофавий ахборот ва керакли маслаҳатлар олиш имконини беради. 

Беморлар инновацион ёндашув туфайли клиника шифокорлари билан онлайн мулоқот қилиб, ўз касаллик варақаси ва бошқа анализларни юбориши мумкин. Уларни кўздан кечиргач, шифокорлар даволаниш бўйича ўз хулоса ва маслаҳатларини тақдим этишади. 

Агарда зарур деб топилса, мазкур марказ ходимлари беморни Туркияда стационар даволаш учун жўнатишга керак бўладиган барча ҳужжатларни тайёрлашга ёрдам беради. Бироқ клиника раҳбарияти аввалом бор, беморларни мамлакатдан четга чиқмаган ҳолда ўз юртида даво топишини энг устувор вазифа, деб ҳисоблашади. 

ACIBADEM клиникалар тармоғи ҳақида

Ҳозирги кунда  ACIBADEM таркибида 21 замонавий кенг тармоқли клиника ва 17 амбулатория шифохоналари мавжуд. Улар Туркия, Болгария, Голландия, Македония, Ироқ (шимоли) каби давлатларда жойлашган. Ҳар йили 3,5 миллионга яқин бемор (уларнинг асосий қисмини хорижликлар ташкил қилади) мазкур клиникаларга ёрдам сўраган ҳолда мурожаат қилади. 

ACIBADEM клиникаларининг барча тармоқлари янги тиббиёт технологиялари, замонавий инфратузилмалар билан таъминланган бўлиб, юқори халқаро стандарт асосида ишлайди. Профессионал шифокорлар жамоасидан ташкил топган клиника ходимлари барча тиббиёт йўналишлари, жумладан, онкология, нейрожарроҳлик, ортопедия, кардиология, гинекология ва бошқа соҳалардаги касалликларга аниқ ташхис қўйиш ва даволаш билан шуғулланади.

 

Манзил: Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Буюк Ипак йўли мавзеси, 19-уй.
Қўшимча маълумотлар ва ёздириш учун: (+99895) 144-54-45, (+99890) 907-65-81.