АҚШ президенти Дональд Трамп Австралия бош вазири Малькольм Тёрнбуллга ўзаро мулоқот ҳақида ҳақиқатни айтгани учун миннатдорчилик билдирди ва ОАВни бу мулоқотни ёритишда ёлғондан фойдаланганликда айблади.

«Австралия бош вазирига раҳмат, у бизнинг ўзаро мулоқотимиз қандай кечгани ҳақидаги ҳақиқатни айтди. У бу орқали ОАВнинг бўҳтонларини йўққа чиқарди. Жуда мамнунман!» — деган америкаликлар президенти ўз твиттерида.

Бундан олдинроқ Америка нашрлари АҚШ президенти Дональд Трамп Австралия бош вазири Малкольм Тернбулл билан режалаштирилган 1 соат ўрнига атиги 25 дақиқа давом этган телефон орқали мулоқотини кун мобайнидаги «энг расвоси» деб атагани ҳақида ёзганди.

The Washington Post манбаларига кўра, Америка етакчиси ўтмишдоши Барак Обама Австралия расмийлари билан тузган ва унинг норозилигига сабаб бўлган АҚШга 1250 нафар муҳожирни қабул қилиш муҳокама этилаётган суҳбатни тўсатдан тўхтатиб қўйган.

Хабарда Трамп Тернбуллга шу куни яна 4 нафар дунё етакчиси, жумладан, Россия президенти Владимир Путин билан мулоқот қилгани, бироқ у билан суҳбат энг ёмони бўлганини билдиргани қўшимча қилинганди.

Кейинроқ австралиялик сиёсатчи Трамп билан телефон мулоқоти жуда очиқ ва самарали кечгани ҳақида маълум қилиб, ОАВда бу мулоқот ёритилишида тўғри бўлмаган сўзлар қўллангани ҳақида айтди.