Хорижда меҳнат қилувчи мексикаликлар 2016 йилда мамлакатга 27 миллиард доллар жўнатган. Бу маълумот Associated Press агентлиги томонидан келтирилган.

Манбанинг ёзишича, Мексика марказий банки ҳисоботида муҳожирларнинг пул ўтказмалари асосан АҚШдан келиши қайд этилган. Бир йилда бу миқдор 8,8 фоизга, 24,78 миллиард доллардан 26,97 миллиард долларга ўсганди.

Хабар қилинишича, Мексика фуқаролари хориждан жўнатадиган маблағ мамлакатнинг автомобиль экспортидан кейинги иккинчи асосий даромад манбаи ҳисобланади. Автомобиль экспорти 2016 йилда 34 миллиард доллар келтирган, нефть экспортидан, 15,6 миллиард доллар, туризмдан 17,5 миллиард доллар фойда кўрилган.

Шу тариқа, АҚШнинг янги президенти Дональд Трампнинг муҳожирлик сиёсатини қатъийлаштириши, Мексика билан ўртада девор қуриш режаси, мексикаликларнинг маҳсулотларига бож ўрнатиши бу давлатнинг асосий даромад манбаларига жиддий зарба беради.