Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Москвага март ойининг биринчи ярмида расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда Россиядаги элчи Ҳусайн Дирёз «Интерфакс»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Москвага ташрифи мартнинг биринчи ярмида амалга оширилиши кутилмоқда. Ташриф давомида унинг Россия президенти Владимир Путин билан сўнгги ярим йил давомидаги тўртинчи учрашуви бўлиб ўтади», - деди дипломат.

Унинг сўзларига кўра, Путин билан мулоқот давомида Россия-Туркия муносабатларини яхшилаш бўйича масалалар муҳокама этилади. Шунингдек, бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик ҳақида тўхталиб ўтилиши мумкин.

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Туркия етакчиси Тоййиб Эрдўған Москвага март бошида ташриф буюришни режалаштираётганини тасдиқлаганди. У Россия раҳбари Владимир Путин билан олий даражадаги Россия-Туркия ҳамкорлик кенгаши йиғилишини ўтказади.