Украина шарқидаги қуролли ихтилоф деярли 10 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди, улардан 2 мингдан ортиғи – тинч аҳоли вакиллари. Бу ҳақда БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Жеффри Фелтман ташкилот Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида маълум қилди.

У БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятни кузатиш миссияси маълумотларини келтирди. Маълум қилинишича, Украина ҳарбийлари ва уларга қаршилик кўрсатаётганлар ўртасидаги қарама-қаршиликда “қарийб 10 минг киши” ҳалок бўлган ҳамда “23 мингдан кўпроқ инсон” жароҳат олган. “Тинч аҳоли вакиллари орасида 2 минг ортиқ киши қурбон бўлган”, - дея таъкидлаб ўтди Фелтман.