Ямайкалик спринтер, 8 карра Олимпия чемпиони Усейн Болт 2017 йилги жаҳон чемпионатидан кейин иштирокларини якунламоқчи. У бу ҳақда 2 февралда маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.  

Таъкидланишича, 2018 йилги Ҳамдўстлик ўйинлари ташкилотчилари Болтни мусобақаларда иштирок этишга таклиф қилишган, бироқ спортчи рад жавобини берган. 

"2018 йилдаги стартга чиқишим, ғалаба қозонишга имкониятга эга бўлишим учун ҳар қачонгидан кўпроқ машқ қилишим керак. Бу эса юз бермайди", деб айтган Болт.

2017 йилги енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати Лондонда 5-13 август кунлари бўлиб ўтади.

25 январда Халқаро Олимпия қўмитаси Болтни унинг жамоадоши Неста Картер допинг-намунасида тақиқланган моддалар аниқлангандан кейин Пекиндаги Олимпиадада 4х100 метрга эстафета югуришда қўлга киритган олтин медалидан маҳрум қилди. Шунингдек, ўша эстафетада иштирок этган қолган ямайкалик спортчилар ҳам олтин медаллардан маҳрум этилдилар.