Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4907-сонли Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва Ўзбекистон Республикаси  Фанлар академияси академиклари ҳамда Республика етакчи олимларининг биргаликдаги ҳамкорликлари йўлга қўйилди.

Бунинг яққол далили сифатида шу йил 20 январь ва 27 январь кунлари Ўзсаноатқурилишбанк Бош офисида етакчи олимлар Академик Ғуломов Саидахрор Саидахмедович ва Академик  Мўминов Толиб Мусаевич иштирокида семинар-учрашув ташкил этилди. 

Семинарда Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев томонидан эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси дастурининг 5 асосий йўналишларининг мазмун-моҳияти тақдимот ва маърузалар ёрдамида кенг ёритилди.

Шунингдек, семинарда Академик-олимлар ўзлари олиб борган илмий тадқиқотлар тўғрисида тўхталишди ва банк ходимларининг билим-кўникмаларини мустаҳкамлаш йўлида улардан фойдаланиш лозимлигини таъкидладилар.

Семинар-учрашув якунида банкнинг молиявий барқарорлигини таъминлашда ҳамда ходимларни интеллектуал қобилиятларини янада ривожлантиришда Академик-олимлар билан доимий ҳамкорлик қилишга ва уларнинг илмий тадқиқотларидан банк амалиётида фойдаланишга, шунингдек ўз навбатида илмий тадқиқотларини давом эттиришлари учун банк томонидан уларга қулай шароитлар яратиш, қолаверса 2017 йил - “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да етакчи олимлар билан семинар-учрашувларни график асосида банкнинг вилоятлардаги барча филиалларида ўтказилиши белгилаб олинди.