Қатар юлдузлари лигасида 19-туридан ўрин олган учрашувлардан бирида «Ал-Жаиш» ўз майдонида «Ас-Сайлия» клубини қабул қилди.

Маълумот учун, иккала жамоа сафида ҳам Ўзбекистон терма жамоасига номзод бўлган футболчилар тўп суради. «Ал-Жаиш» таркибида Сардор Рашидов, «Ас-Сайлия» таркибида эса Темурхўжа Абдуҳолиқов ва Санжар Шоаҳмедов тўп сурмоқда. Ҳар учала футболчи ҳам ўйинни асосий таркибда бошлади.

Учрашув 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан ниҳоясига етди. Эътиборли томони, учрашувнинг  23-дақиқасида Шоаҳмедов ҳисобни очганди. Бу Санжарнинг Қатар чемпионатидаги илк голи бўлди. Мезбонларнинг ягона голини Ёсир Абубакр киритди.

Ушбу дурангдан кейин «Ал-Жаиш» ҳисобидаги очклар сони 36тага етди ва жамоа 4-ўринда қолди. «Ас-Сайлия» эса ўз очколарини 20тага етказиб 8-поғонага кўтарилиб олди.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун муқаддам Темурхўжа Абдуҳолиқов клубдаги дебют голини киритишга муваффақ бўлганди.

Қатар Юлдузлар лигаси
19-тур

Ал-Жаиш - Ас-Сайлия 1:1 (1:1)
Голлар: Ёсир Абубакр (43) - Санжар Шоаҳмедов (23).