Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Рекс Уэйн Тиллерсонни унинг Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби лавозимига расман киришганлиги муносабати билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Табрик мактубида Рекс Уэйн Тиллерсоннинг янги лавозимдаги кўп қиррали фаолияти тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни барқарор ривожлантириш ва чуқурлаштиришда ҳар томонлама кўмак беришига ишонч билдирилган. 

“Ўзбекистон келгусида ҳам Америка Қўшма Штатлари билан ҳамфикрлилик, ўзаро ҳурмат ва фойда, бир-бирининг манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда савдо-иқтисодий, инвестиция, технология ва гуманитар соҳалардаги мустаҳкамланиб бораётган шерикчиликни ҳар томонлама рағбатлантириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш масалалари юзасидан конструктив мулоқотни тўлақонли қўллаб-қувватлашга қатъий аҳд қилган”, - деб таъкидланади табрик мактубида.