Япония мудофаа вазири Томоми Инада Осиёдаги икки мамлакатга биринчи хорижий ташрифи билан келган АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис мамлакатлар ўртасида “ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилишидан” умидвор. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

“Осиё-Тинчокеани минтақасида хавфсилик соҳасидаги вазият жуда жиддий, - деган Инада. – Жанубий Корея бизнинг муҳим қўшнимиз саналади. Мен Мэттиснинг Япония ва Жанубий Кореяга ташрифи ҳамкорликни мустаҳкамлашига умид қилмоқдаман”.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Япония ва Жанубий Корея ўртасида ўтган ойда дипломатик можаро юзага келди. Сеулдаги Япония элчиси Япония консуллиги олдида жинсий зўравонлик қурбонига айланган аёлларга атаб ҳайкал ўрнатилганидан сўнг чақириб олинди. Шу тариқа Жанубий Корея Иккинчи жаҳон уруши пайтида япон милитаристлари кореялик аёллардан жинсий эҳтиёжларини қондириш мақсадида фойдаланганликларини эслатиб қўйди.

Бироқ турли тарихий келишмовчиликларга қарамай, Япония ва Жанубий Корея АҚШнинг муҳим иттифоқдоши саналади ҳамда “умумий душманга” эгалар – бу Шимолий Корея.