Америкаликлар Шимолий Корея ва Эронни АҚШга нисбатан энг душман кайфиятдаги мамлакатлар, Канада ва Буюк Британияни иттифоқдош мамлакатлар сифатида қайд этишди. Бундан YouGov компанияси томонидан ўтказилган сўров натижалари дарак бермоқда.

Тадқиқот иштирокчилари АҚШнинг дунёдаги 144 мамлакат билан муносабати ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Ҳар бир респондент рўйхатдан тасодифан танлаб олинган 15 давлатни тўрт йўналиш: "иттифоқчи", "дўстона", "нодўстона" давлат ёки "душман" деб белгилаб чиқишлари лозим бўлди. 

Шимолий Кореяни сўровдан иштирок этганларнинг 57 фоизи АҚШнинг бош душмани деб атаган бўлса, Теҳроннинг Вашингтонга нисбатан душманлигини 41 фоиз респондентлар эътироф этишди.

Россия АҚШнинг "душманлари" рўйхатида олтинчи ўринни эгаллади. Хитойни эса "нодўстона" деб 34 фоиз кишилар тилга олди.

Канада ва Буюк Британия энг кўп ижобий баҳони олди: респондентларнинг 55 фоизи бу давлатларни АҚШнинг иттифоқчилари деб тан олишди. 

Сўровнома 28 январь-1 февраль куни 7 минг америкалик ўртасида ўтказилди. Натижаларда хато чиқиш эҳтимоли 1,5 фоиз пунктини ташкил этади.