Англия чемпионатининг 24-туридаги марказий учрашувда «Челси» «Арсенал»ни қабул қилди. Учрашув мезбонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйиннинг 13-дақиқасида ўнг қанотдан узатилган тўп Диего Костанинг бошига келиб тушди, у берган зарба аввал Петр Чехнинг қўлига, кейин дарвоза тўсинига тегди. Қайтган тўпни эса  баланд сакраган Маркос Алонсо билан дарвоза тўрига жойлади, бу вазиятда биринчи зарбани қайтарган Чех ўрнидан туришга улгурмаганди. 

Иккинчи бўлим бошида Коста майдон марказида тўп учун курашда устун келиб тўпни Эден Азарга ташлаб берди, бельгиялик футболчи эса тўп билан рақиб жарима майдончасигача борди. У йўлида 3 нафар футболчидан хотиржамлик билан ўтиб, жарима майдони ичига киргач, Чехни ҳам доғда қолдирди. 

85-дақиқада эса Чех Костанинг босими остида қолиб, тўпни Сеск Фабрегасга топширди, испаниялик хавбек эса бўш қолган дарвозани ишғол қилди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар давом этаётган вақтда Оливье Жиру қанотдан узатилган тўпни Тибо Куртуа қўриқлаётган дарвозага киритди - 3:1.

Эндиликда «Челси» ҳисобидаги очколар сони 59тага етди ва жамоа энг яқин таъқибчиси «Тоттенҳэм»дан 12 очко олдинда. «Арсенал» эса 47 очкоси билан учинчи ўринда қолди.

Англия премьер-лигаси, 24-тур
Челси – Арсенал 3:1 (1:0) 
Голлар: Алонсо (13), Азар (53), Фабрегас (85) - Жиру (90+1).
Челси: Куртуа, Давид Луиз, Кэйхилл, Алонсо, Аспиликуэта, Матич, Мозес (Зума, 88), Педро (Виллиан, 84), Канте, Азар (Фабрегас, 84), Диего Коста.
Арсенал: Чех, Мустафи, Монреаль, Бельерин (Габриэл, 17), Косьельни, Уолкотт (Уэлбек, 70), Окслейд-Чемберлен, Санчес, Ўзил, Ивоби, Коклен (Жиру, 65).
Огоҳлантиришлар: Мустафи (23), Матич (70).